Американинг Лас-Вегас шаҳридаги Ҳавайи штати пойтахти Ҳонолулуга парвоз қилаётган Hawaiian Airlines авиакомпаниясига тегишли самолёт йўловчилардан бири туфайли фавқулодда қўнишга мажбур бўлди. У адёлдан фойдаланганлик учун 12 доллар тўлашдан бош тортган, деб хабар бермоқда Ассошиэйтед Пресс агентлиги.

Полиция вакилининг агентликка хабар беришича, ҳодиса лайнер ҳавога кўтарилганидан кўп вақт ўтмай юз берган. 66 ёшда бўлган йўловчи борткузатувчидан адёл сўраган, сабаби самолёт салонида ҳарорат анча совиб кетган. Стюардесса хизмат неча пул туришини айтган, шундан сўнг жаҳли чиқиб кетган йўловчи уни авиакомпания вакили билан боғлашни сўради ва “унинг ақлини киритиб қўйиши” ҳақида маълум қилди.

Учувчи бундай хатти-ҳаракат тўғри эмас, деб ҳисоблади ва ҳаво кемасини ортга бурган. Якунда самолёт Лос-Анжелес аэропортига қўндирилди. У ерда йўловчи АҚШ федерал қидирувлар бюроси ва полиция томонидан кутиб олинди, бироқ сўроқдан сўнг қўйиб юборилди ва ушбу йўналиш бўйича бошқа рейсда учиб кетди.