Кайман оролларидаги дайвинг (сувга шўнғиш) бўйича инструктор Бен Жонсон бошига 30 сантиметрлик пичоқ санчилган акуланинг мушкулини осон қилди. Жонсон акуланинг бошига санчилган пичоқни суғуриб олган. Ушбу ҳолат акс этган видео интернетда пайдо бўлди. 

Таъкидланишича, воқеа ўтган ҳафтада бир гуруҳ дайверларнинг Кайман Брак ороли яқинида сувга шўнғишлари вақтида юз берган.

Гуруҳга ҳамроҳлик қилган Жонсон маржонқоя ёнида бир жойда айланиб ўзини ғалати тутаётган бир метрлик акулага кўзи тушиб қолган. У яхшироқ кўриш учун акула ёнига келганда, унинг бошига пичоқ санчилиб турганини кўрган.

Беннинг айтишича, акула гўёки ундан ёрдам сўраётгандек тасаввур пайдо бўлган. Шу сабаб Бен акула ёнига сузиб келиб, унинг бошидан пичоқни суғуриб олган.

Дайвернинг айтишича, акула кўринишича энага-акулалар турига мансуб бўлган. Бу турдаги акулалар одамлар учун хавфсиз, чунки асосан моллюска ва коралл билан озиқаланадилар.

Акуланинг бошига ким пичоқ санчгани номаълумлигича қолган. Кайман оролларида акулаларга ов қилиш 2015 йилдан тақиқланган ҳамда 4 йилгача қамоқ жазоси ва 500 минг долларгача жарима билан жазоланади.