Чорраҳалардаги камералар айнан қайси қоидабузарликларни қайд этади

Технология 09 Март 2017 39655

Тошкентнинг 115та чорраҳасига ўрнатилган камералар фаолияти икки босқичда такомиллаштирилади. Камералар биринчи босқичда икки турдаги: светофорнинг қизил чироғидан ўтиб кетиш ва рухсат берилган тезликни ошириш қоидабузарликларини қайд этади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББда бўлиб ўтган брифингда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бўлими бошлиғи подполковник Шуҳрат Муротов маълум қилди. Аввалроқ жарималарни жўнатиш 15 мартдан бошланиши хабар қилинган эди.

«Қоидабузарликлар қайд этилгач, электрон равишда суратлари билан бирга “Ўзбекистон почтаси”нинг махсус марказига юборилади. У ерда махсус дастурлар воситасида квитанциялар автомобиллар ҳайдовчиларига автоматлаштирилган тартибда қоидабузарнинг манзили бўйича почта бўлимига юборилади. У ердан почта ходими квитанцияни шахсан жаримани бузган кишига топширади. Шунга биноан, жарималарни қайд этиш, ёзиш, юборишда инсон аралашувига умуман йўл қўйилмайди», — деди Муротов.

Чорраҳаларни камералар билан қамраб олиш босқичма-босқич амалга оширилади. Мазкур лойиҳанинг синов босқичи уч-тўрт ой давом этади, кейин иккинчи босқич бошланиб, унда мобиль телефонидан фойдаланиш, хавфсизлик камарини тақмаслик каби қоидабузарликлар ҳам қайд этилади. Шуҳрат Муротовнинг сўзларига кўра, ҳозирча, бу каби қоидабузарликларни ЙҲХХ ходимлари қайд этади. 

Қизил чироқда ўнгга бурилиш рухсат этилган чорраҳаларда камералар ўнгга бурилишни қоидабузарлик сифатида қайд этмайди. Бироқ, бунда ҳайдовчи қоидага риоя қилиши талаб этилади. Яъни, чорраҳани яшил чироқда кесиб ўтаётган транспорт воситалари ва пиёдаларни ўтказиб юбориши шарт. Ҳозирча, бу каби чорраҳа шаҳарда биргина жойда мавжуд. Синов муваффақиятли ўтса, Йўл ҳаракати қоидаларига тегишли ўзгартишлар киритилади.

Кўпроқ янгиликлар