Ўзбекистон автосаноатдаги чекловлардан воз кечади

Ўзбекистон 09 Март 2017 135713
Фото: autoreview

Ўзбекистон эртами-кечми автомобиль саноатидаги протекцион чоралардан воз кечади, деб ҳисоблайди мамлакат савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов.

Sputnik Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда давлат раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ҳақида фикр юритар экан, Шайхов хоҳ АҚШ бўлсин, хоҳ машҳур соатлар чиқарувчи Швейцария ва қишлоқ хўжалиги давлат протекцияси остидаги Европа давлатлари бўлсин, дунёнинг ҳеч бир мамлакати ҳали протекцион чоралардан юз фоиз воз кечмаганлигини билдирди.

"Табиийки, ҳаммаси оқилона ва самарали бўлиши даркор. Бу муҳим аҳамиятга эга. Стратегияда барча нарса оқилона ва мақсадли тарзда асослаб берилган. Шунинг учун протекционизм унсурлари сақланиб қолади. Табиийки, бу нафақат ички бозор, балки ташқи омилларга ҳам боғлиқ. Чунки дунё ўзгармоқда, Европа ва Осиёнинг аксарият мамлакатларида жиддий инқирозга дуч келган автомобиль бозорларида ҳам вазият ўзгармоқда. Шундай экан, протекцион чоралар бу иқтисодиётни бошқариш ва албатта, бизнесни ривожлантириш воситасидир", — деган суҳбатдош.

Ҳар қандай ҳолатда, деди Шайхов, мамлакатимиз бозор иқтисодиёти сари одимламоқда. Унинг айтишича, шу боис ҳозирда маҳаллийлаштириш, мамлакатда соҳадаги рақобатбардошликни ошириш имконини берувчи янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш масалалари муҳим ўрин тутади.

"Стратегиянинг иқтисодий қисмидаги унсурлардан бири бу рақобатбардошликни, хусусан, маҳаллийлаштириш ва ушбу жараёнга янги компанияларни жалб этиш орқали автомобиль саноатидаги рақобатбардошликни мустаҳкамлашдир. Бунга нафақат ўз брендига эга стратегик ҳамкорларни, балки бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи инжиниринг компанияларини ҳам жалб этиш лозим. Олдимизда турган муҳим вазифалардан бири тайёр автомобилларнигина эмас, уларнинг бутловчи қисмларини ҳам экспорт қилувчи мамлакатга айланишдир. Чунки бу автосаноатнинг ўзидан ҳам кўра йирикроқ бизнесдир", — дейди у.

Шу билан бирга, савдо-саноат палатаси раҳбарининг айтишича, муҳим аҳамиятга эга бўлган бошқа йўналишлар ҳам мавжуд — бу қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ёки бошқача айтганда бутун бошли машинасозлик саноатидир. Ҳозирда мазкур соҳа сезиларли равишда мустаҳкамланмоқда. Мамлакат ривожлангани сари унинг рақобатбардошлиги ошиб боради. Шу маънода, қайсидир босқичда ўзбек автосаноати ва машинасозлигида ушбу соҳа маҳсулотларини олиб кирганлик учун бож тўловлари нархи тушади ва Ўзбекистон йирик компаниялар билан бемалол рақобатлаша олади, деган Алишер Эркинович.

"Янги стратегиямиз мутлақо янги қарорларни кўзда тутади. Масалан, биз ҳозир Қозоғистонда автомобилларимизни йиғадиган корхона очмоқдамиз. Ва бу буткул янгича ёндашувдир. Табиийки, бу бизнинг рақобатбардошлигимизни оширади ва етакчи брендлар билан рақобатлашиш имконини беради. Умуман олганда, биз ҳозирда ҳам янги автомобилларимиз орқали рақобатга киришганмиз", — деди Шайхов.

Аввалроқ Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси амалдаги қонунчиликка ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича корхоналарга нисбатан талабни кучайтиришни кўзда тутувчи ўзгартиришлар киритганди. Хусусан, бу ўзгартиришлар автомобиль саноатида фаолият юритувчи корхоналарга ҳам тааллуқли. Янги талабларга кўра, бир қатор корхоналарнинг бутловчи қисмларни четдан келтиришдаги божхона имтиёзлари бекор қилинди.

Кўпроқ янгиликлар