Эрта ботган қуёш ... (Реал воқеликка асосланган ҳикоя)

Жамият 09 Март 2017 14799

Холида  (исмлар ўзгартирилган) уч фарзанди билан бева қолди. Ўзи шундоғам камтарона ҳаёт кечираётган оиланинг бошига оғир синовлар туша бошлади. Эрининг вафотидан сўнг, ярим йилча ака-укаси, ота-онасининг кўмаги билан кун ўтқазди. Онаси ҳали ёш экани, болалар отасиз ўсмаслигини, бошқа турмуш қуришини уқтириб, ҳоли-жонига қўймади. Холида унамади, фарзандларини ўйлади. Ўгай барибир ўгайда, ўз боласидек кўрармиди?! Болаларини юпун бўлишини хоҳламай, онасининг гапини қатъий рад этди.

– Ундай бўлса, бола-чақангни олиб ёнимга кўчиб кел, – деди онаси, – қишлоқнинг бир четида ёлғиз бошинг билан турма, гап-сўз кўпаяди”. Холида шундоғам катакдек ҳовлида уч келин, бир қучоқ набиралар билан яшаётган онасиникида ортиқча бўлишини ўйлаб, бу таклифни ҳам рад этди. Аксига олиб, тайинли жойда ўқимаган, бирор ҳунари бўлмаган Холида нима қилишини билмай қолди. Ўйлай-ўйлай иш излаб кўришга қарор қилди. Болаларини боғчага бериб, ўзи ишласа, кечқурун фарзандлари бағрида бўлади. Кўраётган қийинчиликларини биров билмаса, ана, фарзандлари билади. Пешонасига шу тақдир битилган экан, нимаям қиларди. Шу ўйлар билан уйига яқин чойхона, ресторан, дўконларга кириб, иш сўраб чиқди. Официант қилиб олишсаям куни ўтади, қора қозони қайнаб турса бас, секин-секин оёққа туриб олади. Туш вақтигача иш қидирди. Ҳамма жойда бир хил савол беришарди: маълумотингиз, олдин ишлаганмисиз, тажрибангиз борми? Турмушга чиққандан буён фақат уйда ўтирган Холида учун бу саволларга берадиган жавоби қониқарсиз бўларди. Шу сабабли, у яна бошқа жойга иш сўраб боришга мажбур эди. Баъзи жойларда ҳозир ҳамма жойлар банд, бўшаб қолса, қўнғироқ қиламиз, деб рақамини олиб қолишди. Аммо улардан ҳадеганда жавоб келавермади.

Мана икки ҳафтаки, иш излаб, сарсону саргардон. Холиданинг кўнгли бузилди. Эри бўлганда эди, шунча қийинчилик бўлмас эди. Гулдек ҳунари бор эди. Дурадгорлик қилиб, ёмон бўлмади. Икки йилда янги участка солиб, қайнотасиникидан ажралиб чиқишди. Данғиллама ҳовли бўлмасаям, ҳар ҳолда ўзларининг уйи. Эл қатори яшаб юришганди. Ўша мудҳиш авария бўлмаганида эди ҳозир ҳам бахтли ҳаёт кечириб юрган бўларди. Холиданинг хўрлиги келди. Йиғламоқчи бўлди. Аммо шундоқ ҳам йиғлайвериб, кўзида ёш қолмаганди. 
Ранглари оқариб, аввалги ҳолатидан асар ҳам қолмаган Холида бир аҳволда, тушкун кайфиятда уйига келди. Қўшниси Назираникидан кичигини олиб, уйига кирди. Қизлари ҳали ўқишдан келмабди. Қозонда қолган кечаги овқатни иситиб, боласига берди. Катталари ҳам келиб қолди. Ўтириб овқатланишди. Холида бироз енгил тортгандек бўлди. Баҳромни қучоғига олиб, чарчаганидан ухлаб қолди. 

Эртанги кун яна иш қидириб йўлга отланди. Бу сафар омади келди. Йўлда Карим акани кўриб қолди. Карим ака – отасининг яқин дўсти. Холиданинг бошига тушган ишлардан бехабар экан. Отасининг ҳурмати унга ёрдам берди. Бир тўйхонага идиш ювувчи қилиб жойлаб қўйди. 

 – Ҳозирча шу ерда ишлаб тур. Бироз тажриба орттириб, иш ўргансанг, кейин тузукроқ ишга жойлаб қўяман”, – деди Карим ака.

Холида ўзида йўқ хурсанд бўлди. Худога шукур, энди болалари оч қолмайди. Ишхонаси ҳам яқингина, уйидан икки кўча нарида экан. Нега шу вақтгача бу ерга келмадим экан, деб ўзидан ҳайрон бўлди. Иш бошқарувчидан эртадан иш бошлаши мумкинлигини эшитиб, дарҳол боғчага ўтди. У ердан Баҳромни жойлаштириш учун зарур ҳужжатларни тўғирлаб, уйига қайтди. Бугунги кун Холида учун ўзгача бўлди. Энди ҳамма ишлари жойида бўлишини ўйлаб, енгил тортди. Хурсанд бўлганидан болаларини қучоқлаб, ширин ҳаёллар сурди. Кун бўйи тик оёқда юриб, қаттиқ чарчагани энди сезила бошлади. Кўзларини юмиб, ширин тин олди.

Холида табиатан киришимли бўлгани учун бир ҳафтада ҳамкасблари билан яқин бўлиб кетди. Ўтказиладиган шоҳона тадбирлардан сўнг, ул-бул орттириб, уйига олиб кела бошлади. Тўй мавсуми бўлганлиги сабабли иш кўп, оладиган маоши ҳам шунга яраша эди. Кўпинча шериги учун ҳам икки карра ишлар, натижада, ўша кунги даромади ҳам кўпаярди.

Бир йилда Холида ўзини анча тиклаб олди. Карим ака гапида туриб, уни бош официант қилиб қўйди. Маоши ҳам икки карра ошиб, қўлида бир қанча ишчилари бор, ишни ўзи тақсимлаб, ўзи назорат қилар эди. 

Холида пул йиғиб, чала битган участкасини кўтариб олишга тиришди. Кейинчалик, ошхона қуришни ҳам режалаштириб қўйди. Энди Холиданинг иши янада кўпайган, бир томондан тўйхонадаги ташвишлар, бир томондан уйига уста қўйган, яна бир томондан фарзандлар тарбияси билан бош кўтаришга вақт тополмай қолди.

Йил охирига бориб, ишлари бироз енгиллашгандек бўлди, иморатни охирига етказиб, янги хонага кўчиб ўтди. Участка шаҳардан четроқда, янги қурилаётган уйлар қаторида бўлганлиги сабаб ҳали газлаштирилмаган эди. Шу сабаб, Холида жиянларини чақиртириб, ўтин ғамлатиб қўйди. 

Тўйхонадан ҳам унча-мунча ўтин олиб келди, қолганига бир арава кўмир сотиб олди. Шундай қилиб Холида қишки иссиқликни таъминлаб қўйгандек кўнгли тўқ бўлди. 

Қиш кунлари бошланди. Аёзли кунларда болалари шамоллаб қолмаслиги учун, уйни иссиқ тутишга ҳаракат қилди. Чўян печга олдин ўтинни тиқар, яхши олов бўлгач, бир нечта кўмир бўлаклари ташлаб қўярди. Шунда кўмир яхши чўғланиб, уй эрталабгача иссиқ бўларди.

Эрталаб Холида шошганча болаларини овқатлантирар, ишга кеч қолаётган эди. Бирдан эшик тақиллаб қолди. Холида эшикни очиб, милиция кийимида турган ёш йигитни кўрди. 

– Ёнғин хавфсизлиги хизматидан катта лейтенант Бекматов, – дея ўзини таништирди милиционер. – Ёнғин хавфсизлиги ойлигида тарғибот ишларини олиб боряпмиз, совуқ кунларда печдан фойдаланишда эҳтиёт бўлинг, мўриларни тозалигига аҳамият беринг, ўтин ва кўмирни яхши ёнмаслиги ис газини ажралиб чиқишига сабаб бўлади. Ис гази эса нафас органларини ишдан чиқариб, ҳаттоки ўлимга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Уйда болаларни назоратсиз қолдирманг, носоз ва қўлбола электр иситиш печларидан фойдаланманг...

Шундоқ ҳам ишдан кеч қолаётган Холида учун бу гаплар ортиқча эди.

– Бизда ҳаммаси жойида, – гапни бўлди Холида, – ишга шошаётгандим, бошқа гапингиз бўлмаса кетишим керак.

– Ахир бу сизнинг хавфсизлигингиз учун ...

– Бўлди, тушунарли, фақат шошиляпман.

Ходимнинг гапи оғзида қолди. Холида уйни қулфлаб, болаларини олиб ишга шошилди. 

– Бундайлар фақат вақтингни олади, арзирли гапи йўқ. Ундан кўра, нафақа олишимга ёрдам берсин, ўзи ёш бола ақл ўргатишиничи, - дея энсаси қотгандек бўлди...

Кунлар ўтди. Холиданинг иши юришгандан юришди. Қиш кунлари бўлса ҳам тўйлар кўп, иш ҳам шунга яраша. Эртага нақд иккита тўй. Тайёргарлик бошлаб юборилган. Холида ишчиларга зарур кўрсатмаларни бериб, эртага ишни эртароқ бошлаш зарурлигини тушунтирди, сўнг, иш вақтини эрталабки иккига белгилади. Ишчилар бу жудаям эрта эканлигини билишса-да, Холиданинг уришиб беришидан қўрқиб, индашмади. Ҳамма уй-уйига тарқалди. Холида уйига етиб келди. Фарзандларини бағрига қучган эди бор ташвишлари унутилгандек бўлди. Кейин соат уйғотгичини эрталабки иккига тўғирлаб қўйди. Кўзи илинди. Соат жиринглади. Бирпасда вақт бўлибди. Ширин уйқу ўзига тортса ҳам бугунги даромадини ўйлаб иссиқ жойидан турди. Уй бир оз совибди. Дарҳол печга тўрт-бешта ўтинни ташлаб, устидан кўмирни қалаштирди. Эрталабгача олов ўчиб қолмасин деб, печга ўтинни тўлдирди. Соатга қаради икки ярим бўлибди, Холида кеч қолаётган эди. Дарҳол сумкасини кўтариб, иссиқ кийимларини кийди, эшикни қулфлаб, ишга шошди.

Тонг отгач, ишлари сал камайгач, Холида болаларини овқатлантириб, боғчага ташлаш учун уйига шошди. Кўчасига яқинлашар экан, ўз уйи томондан чиқаётган тутунни кўрди. Юраги шув этиб кетди. Уйига чопди. Қараса, эрталаб қулфлаб кетилган эшик бузиб очилган, ичкарида ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари қолдиқларини ўчириш билан банд эди. 

- Болаларим ... – қичқирди Холида, – болаларим қани ??! 

Қўшнилар уни ўраб олишди. 

- Ўзингни бос, Холида, кўргулик экан.

– Нима ??! Нималар деяпсизлар, менинг болаларим қани, қани улар?! 

Назира ташқарини кўрсатди. Холида жон ҳолатда ташқарига отилди. Тез тиббий ёрдам машинасида фарзандларини кўрди. Югурди. Шохрухни қўлига олиб, юзидан ўпди. Бошдан оёқ кўздан кечирди.

– Ҳайрият куймабди. Ҳеч нарса қилмабди боламга. Унда нега юзлари муздек, нега гапирмаяпти?! 

Кейин қизларини қучди. Тутун ҳиди келаётан, қора куя ёпишган кийимларини ечди, ҳаво совуқ, совқотиб қолишмасин, деб яна кийинтирди. Устига адёл ёпди. Худди, ҳозир улар ширин уйқуда, уйғонишни исташмаётганга ўхшарди.

– Шохрух, болам тур, тонг отди. Тур ўғлим, ўзим сени боғчага олиб бориб қўяман. Бирга овқатланамиз, ишга кетишимни хоҳламайсанку, тўғрими, энди ҳеч қаёққа кетмайман, болам, доим ёнингда бўламан. Кўзингни очсанг бўлди болам !

Холиданинг атрофида қўни-қўшнилар тўпланишган, аммо улар жим эди. Нима дейишни ҳам билишмас, Холиданинг ҳолига ҳамманинг раҳми келарди. У телба бўлиб қолганга ўхшарди. Қўллари секин ҳаракатланар, кўзлари ҳамон умид билан болаларига боқарди...

Кунлар ўтди... Холида жигарбандларини ерга топширганига бир ҳафтача бўлди. Онасининг уйида турар экан, ҳаёлан ўз айбини қидирарди. Тақдир шунчалик ҳам бешафқат бўладими?! Аввал умр йўлдоши, сўнг учала жигарбандини бир вақтнинг ўзида олди. Энди ҳаётида мазмун қолмади? Холиданинг ҳаёлини телевизорнинг овози бўлди. 

Сухандон бир маромда ва қатъий гапирарди: “Ёнғин хавфсизлиги хизмати огоҳлантиради: ис газидан эҳтиёт бўлинг, болаларни назоратсиз қолдирманг, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилинг...”.

Таниш сўзлар, Холида қаердадир эшитган эди бу сўзларни, бир марта эмас. Қаерда? Эслашга уринди. Узоқ ўйлаб, эшигини тақиллатган милиционерни эслади. У ҳам шу гапни айтган эди. Ҳа, ўша машъум воқеадан бир неча кун олдин унинг эшигини тақиллатган одам, бундай мудҳиш ҳолатдан уни огоҳлантирган эди. У эса уни гапини охиригача ҳам эшитмасдан ишга шошганди. 

Холида ўз айбини билиб, кўз ёшларини тўхтата олмади. Аммо энди жуда кеч, ботган қуёшни ортга қайтариб бўлмасди... 

Фаррух Абдурахманов
Жиззах вилояти ИИБ ЁХБ

Кун янгиликлари
Абитуриент ҳикояси: “Мен ўқув маркази томонидан алдандим”
10:34 22609 Lifestyle
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 40441 Жамият
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 153836 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 43889 Lifestyle
Тадбиркорлар Ҳикмат Абдураҳманов ва Азиза Умарова билан суҳбат: Хитой, омадсиз авиакасса ва вазирликдаги ишдан кетиш
20:24 798 Lifestyle
Интернетда хитойлик ва ҳиндистонлик аскарлар ўртасидаги оммавий муштлашув видеоси пайдо бўлди
20:15 2242 Жаҳон
Каталония ҳукумати мусулмонларни ҳақорат қилмасликка чақирди
19:52 1197 Жаҳон
Сурхондарё ҳокими: Одамларни мажбурлаб пахтага олиб чиқиш — ноинсофлик!
Жанубий Кореяга АҚШ армияси бош қўмондони келди
19:43 973 Жаҳон
Эркинжон Турдимов: “Сурхондарёда етиштирилаётган пахта 100 фоиз шу ерда қайта ишланади”
Кўпроқ янгиликлар