2017 йил 08 март куни тунги соат 01.20ларда Фарғона шаҳар ИИБ навбатчилик қисмига Фарғона шаҳар А.Навоий кўчасида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, уч нафар номаълум шахслар темир жисм билан қуролланган ҳолда, ғайриқонуний равишда унинг хонадонига бостириб киришиб, ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, тан жароҳати етказишиб, 2600 АҚШ доллари ва «Жентра» русумли автомашинасини эгаллаб, номаълум томонга яширинганлигини билдирган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу хабарга асосан воқеа жойига чиққан тезкор-тергов гуруҳи томонидан жиноят содир бўлган жойдан 9 дона бармоқ излари, бир дона узунлиги 120 см бўлган темир ва хонадонга ўрнатилган видеокамерадаги ёзувлар текшириш учун ашёвий далил тариқасида олинган.
 
Ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида, жабрланувчига тегишли бўлган «Жентра» русумли автомашинани шаҳарнинг Олтин куз кўчасида номаълум шахслар бошқариб кетишаётганлиги аниқланиб, улар Фарғона вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБга бевосита бўйсунувчи Фарғона батальони хамда Фарғона шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ушланишган.

Шунингдек, гумонланувчиларнинг ёнидан жабрланувчига тегишли бўлган 900 АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида олинган. 

Мазкур босқинчилик жиноятини 1992 йилда ва 1993 йилда туғилган икки нафар қиз ҳамда 1997 йилда туғилган йигит биргаликда, олдиндан жиноий тил бириктириб содир этишгани аниқланди. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.