8 март куни Исроил парламенти диний муассасаларда овоз кучайтиргичлардан фойдаланишни чеклашни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини дастлабки ўқишда қабул қилди. Қонун биринчи навбатда масжидларга тегишли бўлгани учун у «муаззинлар ҳақидаги қонун» номини олди.

Қонун лойиҳаси қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Лойиҳа муаллифларининг таъкидлашича, таклиф этилаётган чоралар мусулмонларнинг анъаналари билан боғлиқ эмас ҳамда Исроил яҳудийлари ва араблари ўртасидаги шундоқ ҳам мураккаб бўлган муносабатларга таъсир кўрсатмайди. Уларнинг айтишига қараганда, гап фақатгина масжидлардаги овоз кучайтиргичларнинг шовқин даражасини назорат қилиш ҳақида бормоқда. 

Ўз навбатида қонун лойиҳасига қарши чиққанлар таклиф этилаётган чоралар мусулмонларнинг кўп асрлик анъаналарига қўпол равишда аралашиш экани, намозга баланд овозда чорлов аллақачон Яқин Шарқ мусулмон маданиятининг ажралмас қисмига айланганини таъкидлашган. 

Бугунги кунда Исроилда 2 миллионга яқин араблар истиқомат қилади, бу аҳолининг бешдан бир қисмидир. Арабларнинг тахминан 80 фоизи мусулмондир, қолганлари насроний ва друзлар. Мамлакатда 450дан зиёд масжид фаолият кўрсатмоқда.

Исроилдаги масжидларда овоз кучайтиргичлардан чиқадиган шовқинни назорат қилиш ҳақидаги қоидалар 1961 йилда қабул қилинган. Бу қоидаларни ўзгартиришга уринишлар доимо кнессетнинг (Исроил парламенти - таҳр.) араб депутатлари норозилигига учраб келган.

Аслида шовқин даражасини Атроф муҳит вазирлиги назорат қилиши керак. Бироқ масжидларга баланд овоздаги азон учун жарима солиш ҳолатлари бармоқ билан санарли.

Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири «Яҳудий уйи» партиясидан депутат ва Исроил армиясининг захирадаги полковниги Моти Йогевадир. Унинг айтишича, араблар ва яҳудийлар аралаш яшайдиган шаҳарлар – Хайфа, Лода, Рамла, Яффода саҳар пайтида масжиддан тараладиган баланд чорлов нафақат мусулмонларни, балки яҳудийларни ҳам уйғотади. Бу шаҳарларда араблар умумий аҳолининг 40 фоизга яқинини ташкил қилади.

«Бу қонун оддий фуқароларнинг дам олиш ҳуқуқини ҳимоя қилади. Ҳеч ким ибодат қилмоқчи бўлган одамнинг ҳуқуқини савол остига қўймаяпти. Хоҳ яҳудий, хоҳ мусулмон бўлсин, бу масалада биз ҳамфикрмиз – Яратган буюкдир ва буни ҳаммамиз биламиз», – деган у кнессетдаги нутқида. 

Бироқ қонун лойиҳасига қарши чиққанлар унинг фикрини маъқулламади. Депутат Аҳмад Тиби таклиф этилаётган чораларни мусулмон урф-одатларига қўпол равишда аралашиш деб атади.

«Кўп асрлардан бери муаззиннинг чорлови сукунатни бузиш деб ҳисобланмаган. Гап асрлардан бери давом этиб келаётган муҳим диний анъана ҳақида кетмоқда. Биз ҳеч қачон сизларнинг яҳудий анъаналарингизга аралашмаганмиз, сизларнинг қилаётган ишингиз эса исломга қўпол аралашув ёки бошқача айтганда, ирқчиликдир», – деди Тиби.

Араб депутатлар қонун лойиҳаси муаллифларидан бири – «Бизнинг уй Исроил» партиясидан бўлган депутат, келиб чиқишига кўра ўзбекистонлик Роберт Илатовга исроиллик арабларнинг ҳаётига аралашмасликни ва «Россияга даф бўлиш»ни маслаҳат беришди. 

Янги қонун диний муассасалардаги кучли шовқин учун 10 минг шекелгача (2,5 минг доллар) жарима солишни назарда тутади.

Қизғин муҳокамалардан кейин қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. 55 депутат уни қўллаб-қувватлаган бўлса, 48 нафари қарши чиқди.

«Яҳудий уйи» ва «Бизнинг уй Исроил» партиялари вакиллари бу қонунга умуман диний тус бермоқчи эмасликларини маълум қилишди.

Яқин кунларда қонунни кнессетнинг мувофиқлаштириш бўйича комиссияси муҳокама қилади. Шундан сўнг иккинчи ва учинчи ўқишларда кўриб чиқилади.

Ушбу қонунга қарши чиқаётганлар керак бўлса Исроил Олий судига шикоят қилиш ниятида.