Италия ҳукумати Апеннинда салмоқли кўчмас мулкка эга бадавлат хорижликлар учун 100 минг евро миқдорида йиллик солиқ жорий қилади. La Stampa газетасининг пайшанба куни чоп этган мақоласи мазкур қарор ҳақида маълум қилди

Нашрда таъкидланишича, ушбу ғоянинг мақсади мамлакатга катта хорижий капиталларни жалб қилиш ҳисобланади. Бу стратегия Маттео Ренци бошчилигидаги собиқ маъмурият томонидан Италия иқтисодиёти, бизнес ва биржасини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинган. Италия томон Буюк Британиянинг Евроиттифоқ таркибидан чиқиши бадавлат сармоячиларнинг мамлакатдан "қочиши" эҳтимолини инобатга олган. La Stampa салоҳиятли тўловчилар орасида Стинг (Тосканада кўчмас мулкка эга) ва Жорж Клуни (Комо оролида кўчмас мулки бор) каби машҳур актёр ва қўшиқчилар, шунингдек россиялик олигархлар  номларини қайд этади. 

Манбага кўра, Апеннинда турар-жой рўйхатидан ўтган инсон ўз даромадлари ҳақида Италия ҳукуматига ҳисобот бериши керак бўлади. Солиқ айнан Италияда тўпланган мулкка нисбатан белгиланади, бошқа мамлакатларда қўлга киритилган даромадлар бундан мустасно. Аниқлик киритилишича, 100 минг евро тўлаш учун мулкдорнинг умумий молиявий аҳволи 15-20 миллиондан ошиши керак. 

Ҳукумат пакетида шунингдек Италияга мутахассисларни жалб қилишга қаратилган бошқа низомлар ҳам киритилган. Хусусан, қачонлардир хорижга ишлаш учун кетган олим ва тадқиқотчилар ватанга қайтиш истагини билдирган тақдирда, улардан 90 фоиз камроқ солиқ ундириш, муваффақиятли фаолият юритувчи менежерлар солиғини икки баробарга қисқартириш, шунингдек камида 1 миллион евро сармоя киритувчи ишбилармонларга муддатсиз виза бериш таклиф қилинмоқда.