2017 йил 6 март куни соат 15:30ларда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри Кат маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган уйдан 10 ёшли ўғил боланинг ўткир тиғли жисм билан кўп маротаба жароҳат етказилган ҳолдаги жасади топилган, деб хабар беради Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати.

Аниқланишича, номаълум шахс уни ўлдириб, ҳовлида бўлган "Дамас" русумли автомашина ҳамда ичида пул ва сариқ металлдан ясалган заргарлик буюмлари бўлган темир сандиқ (сейф)ни олиб кетган.

Қашқадарё вилояти ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида автомашина Машраб кўчаси 17-уй олдида қолдириб кетилганлиги аниқланган. 

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлар жараёнида мазкур мудҳиш жиноятни содир этишда гумонланувчи шахс Касби-Когон йўлида кетаётганида шу ҳудудда хизмат олиб бораётган Касби тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими милиция таянч пункти профилактика инспектори Шуҳрат Муродов томонидан қўлга олинган. 

Ушбу қотилликни содир этганликда гумонланаётган шахс Қарши шаҳрида яшовчи 1982 йилда туғилган шахс бўлиб чиқди. Унинг уйидан темир сандиқнинг кесилган қолдиқлари ҳамда сумкасидан жабрланувчига тегишли бўлган пуллар, облигациялар ва сариқ металлдан тайёрланган заргарлик буюмлари далилий ашё сифатида олинди.

“Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, - дейилган ИИВ хабарида.