Фарзанд инсон учун энг бебаҳо неъматлардан биридир. Барча боласевар миллатлар каби биз, ўзбеклар ҳам бутун умрини фарзандларига, уларнинг келажагига бахшида қиладиган болажон халқларданмиз. Шу боис ҳам Ўзбекистонда оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбиясига аҳамият бериш ва бу йўлда қайғуришга асосий вазифа сифатида ёндашилади. Бу эса ўз навбатида ҳар бир оиланинг фарзанд олдидаги бурчини янада теранроқ англашини, оилада тарбия учун зарур бўлган муҳит – аҳиллик ва якдилликни талаб қилади.

Афсуски, оиладаги бир бутунлик ҳамиша ҳам сақлаб қолинавермайди. Бу эр ва хотин ўртасидаги келишмовчиликлар сабаб юз бериши ҳаммага маълум. Булар натижасидан қанчадан-қанча норасида гўдакларнинг “тирик етим” бўлиб қолишлари, шу билан бирга, фарзанднинг моддий таъминоти учун иккинчи тарафдан алимент пули ундириш каби масалалар билан судга мурожаат қилиш ҳолатларининг кўпайиши ачинарли.

“Ҳуқуқ” газетасининг хабар беришича, тошкентлик Асилбек Тошев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам худди юқорида айтиб ўтилгандек, оилавий келишмовчилик сабаб аёли Гулзор Тошева билан қонуний никоҳларини бекор қилди. Г.Тошева икки нафар вояга етмаган фарзанди учун алимент пули ундириш тўғрисида судга мурожаат қилади. Тошкент шаҳар Миробод туманлараро судининг 2012 йил 8 октябрдаги қарорига кўра А.Тошевдан иш ҳақи ва бошқа даромадларининг белгиланган қисмидан алимент ундириш белгиланади. Бироқ, Г.Тошеванинг судда берган кўрсатмасига кўра, собиқ турмуш ўртоғи алимент пулини почта орқали ўзи хоҳлаган суммада тўлаб келган. Ҳақиқатдан ҳам, суд ижрочиларининг алимент қарздорлигини ҳисоблаш ҳақидаги 2016 йилнинг 11 ноябрдаги қарорига асосан, А.Тошевнинг 2016 йил 1 август куни ҳолатида алиментдан бўлган қарзи жами 8 млн. 979 минг сўмдан ошиқроқни ташкил этган.

А.Тошев судда ўзининг айбига тўлиқ иқрор бўлиб, суднинг ҳал қилув қарорига асосан моддий ёрдамга муҳтож, деб топилган икки нафар фарзандининг моддий таъминотидан қасддан бўйин товлаганлиги ҳамда қилган ишидан пушаймонлигини билдиради. Буларни инобатга олиб, Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди А.Тошевни ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан 5 ой муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилиб, етказилган моддий зарар Г.Тошева фойдасига ундирилишини белгилади.

1977 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, ўрта-махсус маълумотли, вақтинча ишсиз бўлган Ашраф Мўминов ҳам 4 нафар вояга етмаган фарзанди бўлгани ҳолда оиласи билан ажрашади. Ушбу иш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Юқоричирчиқ судининг 2015 йил 16 октябрдаги ижро ҳужжатига асосан аёли Сарвиноз Караматова фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун алимент тўлаши лозимлиги белгиланган. Бироқ, А.Мўминов юқоридаги ҳолат каби суд томонидан белгиланган алимент пулини тўлашдан бўйин товлаб келган. Натижада алимент пули миқдори 2015 йил сентябрь ойидан 2016 йилнинг 15 декабрига қадар 1 млн. 958 минг сўмдан кўпроқни ташкил этган.

А.Мўминов ҳамда С.Караматоваларнинг кўрилган иши ижобий натижа билан якун топгани қувонарли. Уларнинг ҳар иккиси ҳам ярашув тўғрисидаги аризаларини тўлиқ қувватлаб, ҳозирда ярашиб олишгани, етказилган моддий ва маънавий зарар тўлиқ қоплангани ҳамда ўзаро даъволари қолмагани сабабли суддан ушбу жиноят ишини тугатишни сўрашди.

Шуларни инобатга олиб, А.Мўминовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши икки томоннинг ярашганлиги муносабати билан тугатилди.