Бугун Европа Лигасининг 1/8 финал дастлабки учрашувларига старт берилади. Tribuna.Uz ушбу учрашувлар анонси билан таништириб ўтади.

Европа Лигаси, 1/8 финал
Копенҳаген (Дания) - Аякс (Нидерландия) (9 март, 2017 йил Тошкент вақти билан 23:00, Матч! Футбол 2)

Иккала жамоа ўзаро тўрт марта рўбарў келишган. Қизиғи тўрттала ўйинда ҳам мезбонлар ғалаба қозона олишмаган. 2001 йилда ўша пайти УЕФА кубоги номи остида турнирда, Данияда дуранг қайд этилган бўлса, Нидерландияда «Копенҳаген»нинг қўли баланд келган. 10 йил муқаддам эса икки жамоа ЕЧЛ саралаш плей-оффида дуч келган. Унда Данияда «Аякс» (1:2), Нидерландияда «Копенҳаген» зафар қучган (0:2). Ўз уйида урилган битта ортиқча гол данияликларни гуруҳ босқичига олиб чиққанди.

Ростов (Россия) - МЮ (Англия) (9 март, 2017 йил, 23:00, Матч ТВ)
Бу иккала жамоанинг тарихдаги дастлабки учрашуви бўлади. Шу кунгача улар бирор марта ҳам рўбарў келишмаган. Ҳозирча бу учрашув бўйича чиққан энг қизиқ хабар чипталар нархининг 30 минг долларга чиқиб кетгани ҳақида бўлди. Шунингдек, манчестерликлар бош мураббийи Жозе Моуриньо майдон ҳолатидан ҳам кескин норози бўлмоқда.

АПОЭЛ (Кипр) - Андерлехт (Бельгия) (9 март, 2017 йил, 23:00, Матч! Футбол 3)

Бу иккала жамоанинг тарихдаги дастлабки учрашуви бўлади. Шу кунгача улар бирор марта ҳам рўбарў келишмаган. Жамоалар ўтган босқичда фаворитларни мусобақадан чиқариб юборди. «АПОЭЛ» «Атлетик»дан устун келган бўлса, «Андерлехт» меҳмонда киритган голи эвазига «Зенит»ни мусобақадан чиқариб юборди.

Сельта (Испания) - Краснодар (Россия) (10 мартга ўтар кечаси, 2017 йил, 01:05, Матч ТВ)

Ўтган босқичда Украина жамоасига қарши майдонга тушган «Сельта» бу сафар энди Россия жамоаси билан баҳс олиб боради. Бу икки жамоа ҳам шу кунгача халқаро майдонларда ўзаро тўқнашмаганди.

Гент (Бельгия) - Генк (Бельгия) (10 мартга ўтар кечаси, 2017 йил, 01:05, Матч! Футбол 1)
Ўзига хос Бельгия дербиси. Ном жиҳатдан бир-бирига ўхшаб кетадиган жамоалар еврокубокларда илк марта тўқнаш келаётган бўлсада, Бельгия Юпилер лигаси улар шу кунгача 31 марта куч синашган. 12 учрашувда «Гент», 14 учрашувда эса «Генк»нинг қўли баланд келган. Бешта учрашувда дуранг қайд қилинган. Жамоаларнинг сўнгги бешта учрашувининг учтасида «Гент» ғалаба қозонган.

Лион (Франция) - Рома (Италия) (10 мартга ўтар кечаси, 2017 йил, 01:05, Матч! Футбол 2)
Европа Лигаси 1/8 финал босқичининг энг марказий учрашуви сифатида қаралаётган икки жамоа ўртасидаги учрашувда римликлар фаворит саналмоқда. Сабаби бу икки жамоа шу кунгача ЕЧЛ доирасида бир марта плей-офф босқичида тўқнаш келган бўлиб, Римда ҳисоб очилмаган бўлса, Лионда «Рома» 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган ва чорак финал йўлланмасини қўлга киритганди. Ҳозирча «Лион» «Рома» дарвозасига гол киритишнинг ҳам уддасидан чиқа олмаган.

Олимпиакос (Греция) - Бешиктош (Туркия) (10 мартга ўтар кечаси, 2017 йил, 01:05, Матч! Арена)
Бу иккала жамоа ҳам расмий учрашувларда ўзаро дуч келишмаган. Аммо сўнгги икки мавсум аввалидаги ёзги турнеларда ўтказилган ўртоқлик ўйинларида биттдан учрашув ўтказган. Иккала жамоа ҳисоби ҳам биттадан ғалаба мавжуд.

Шальке 04 (Германия) - Боруссия (Мёнгхенгладбах, Германия) (10 мартга ўтар кечаси, 2017 йил, 01:05, Матч! Футбол 3)
Германия дербиси. Бу икки жамоа ҳам бундеслига ва Германия кубоги доирасида жуда кўп марта тўқнаш келган бўлишига қарамай, бу еврокубоклардаги дастлабки учрашув бўлади. Бундеслига доирасидаги сўнгги учрашув ўтган ҳафтада бўлиб ўтди ва унда мезбон «Боруссия» рақибини 4:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Биринчи даврада кечган биринчи давра учрашувида эса «Шальке» рақиби дарвозасига жавобсиз 4та тўп киритганди.