“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодиёт уйи томонидан “Тоҳир Малик гурунглари” номли китоб чоп этилди. Унда устоз-шогирд – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик ва ёш адиб Анвар Намозовнинг дилкаш суҳбатлари ўрин олган.

Китобда икки ижодкорнинг турли қарашлари, фикр-мулоҳазалари кенг жой олган. Табиийки, бунда устознинг мушоҳадаларига кўпроқ ўрин ажратилган.

– Бу китобнинг тарихи kun.uz таҳририяти билан боғлиқ, – дейди Анвар Намозов. – Тоҳир аканинг “Ажаб дунё” китоби чиққанида мазкур сайтга хабар юбордик ва сайт маъмурияти адиб билан махсус суҳбат уюштириб беришимизни сўради. Шунга кўра, устозга мурожаат қилдик. Яхшигина суҳбат бўлди. У сайтга чиққач, бошқа интернет нашрлари ҳам кўчириб босди. Суҳбатни “Ўзбекистон”  нашриёти директорининг биринчи ўринбосари Ашурали Жўраев ўқиб қолибди. У киши Тоҳир Малик билан уюштирилган мусоҳаба жуда ёққанини, бошқа мавзулар билан кенгайтириб беришни таклиф қилди. Устоз билан лойиҳа устида иш олиб бордик ва қисқа фурсатда салкам 400 саҳифадан иборат ажойиб китоб тайёр бўлди. Унинг номини Ашурали Жўраев чиройли тарзда “Тоҳир Малик гурунглари” деб қўйди.

“Олти ўрим сочга – тўрт зоғора нон”, “Қайтар дунё сабоқлари”, “Афюннинг ҳаммасини ёқиб бўладими?”, “Ёшлар тарбиясида шукроналик одоби”, “Шайтанат” китоби, фильми, прототиплари ва... ҳаммаси ҳақида”, “Миллионлар ўйинига назар”, “Муҳими, кўнгил кулиб турсин” – “Тоҳир Малик гурунглари”ни ана шу мавзулар ташкил этади.

Китоб кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.