Даниялик 14 ёшли ўқувчи Даниэль Кристиансен ва унинг отаси ичида учувчи суяклари бўлган Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги самолётни топиб олди, деб хабар бермоқда CNN телеканали. 

Ўсмир тарих дарсидан уй топшириғини бажариш мақсадида металл қидиргич ёрдамида дарсга олиб бориш мумкин бўлган буюмларни қидирган. Натижада ўқувчи 8 метр ер остида темирнинг катта бўлакларини аниқлаган.

Боланинг отаси топилмани қазиб олиш учун қўшнисидан экскаватор олган.

Аниқланишича, топилма 1944 йил охирида фалокатга учраган Messerschmitt немис қирувчи самолёти фюзеляжининг бўлаклари бўлган.

"Аввал биз лой билан бирга металл бўлакларни қазиб олишни бошладик, кейин эса суяклар ва кийимларга йўлиқдик", деб айтмоқда боланинг отаси.

Ўсмир бобосининг 1944 йил ноябри ёки декабрида бу ерда немис самолёти қулагани ҳақидаги ҳикоясини эсга олган. "Мен буни шунчаки ҳазил деб ўйлардим", деб айтган ўсмир.

Айни вақтда воқеа жойида сапёрлар ишламоқда, улар ўқ-дориларни зарарсизлантиришлари керак. Самолёт қолдиқларини ўргана бошлаган Шимолий Ютландиядаги тарих музейи яқин орада учувчининг шахсини аниқлашга умид қилмоқда. "Биз учувчининг ҳужжатларини топдик", деб айтмоқда музей ходими.

Тарихчиларнинг фикрича, самолёт яқин орада жойлашган Ольборг шаҳридаги машғулот авиабазасидан ҳавога кўтарилган. Ушбу топилма ҳақида Германиянинг Даниядаги элчихонаси хабардор қилинган.