Ўзбекистон Республикаси божхоначилари божхона назоратини четлаб ўтиб, айланма йўллар орқали товар-моддий бойликларнинг олиб кирилишига қарши чора-тадбирларни давом эттиришмоқда, деб хабар беради Фарғона вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари Қувасой шаҳрининг чегарадош ҳудудида “изғиб” юрган “Ласетти”, “Нексия” ва 2 та “Спарк” автомашиналарини тўхтатиб текширишганида, дастлаб юк эгалари Л.Мамажонов, А.Сатторов, Ж.Ҳолиқов, И.Юсуповлар воқеа жойидан қочиб, яширинишади. Тезкор тадбир давомида уларнинг шахси аниқланиб, қўлга олинди. 

Автомашиналар салони ва юкхонаси шунингдек, ушбу қишлоқда истиқомат қилувчи Э.Охуновнинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, қонунбузарлар божхона назоратини четлаб ўтиб, айланма йўллар орқали қиймати 38,5 млн. сўмлик хорижда ишлаб чиқарилган 17 минг донадан ортиқ электр лампочкаларини ноқонуний олиб киришга уринишгани фош бўлди.

Мазкур электр чўғланма лампочкаларининг қуввати 100 ва 150 Вт. бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг “Энергияни тежайдиган лампалар маҳаллий ишлаб чиқарилишини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2015 йил 20 октябрдаги 299-сон қарори талабларига биноан 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб бу турдаги маҳсулотларни реализация қилиш таъқиқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёни давом этмоқда.