Ўзбекистон Республикасида тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона соҳасида ҳам қатор имтиёзлар ва қулайликлар жорий қилинган. 

Афсуски, берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш ўрнига, ўзлари учун эгри йўлини танлаган шахслар ҳам учраб турибдики, республикамиз божхоначилари томонидан уларнинг қинғир қилмишларига чек қўйилмоқда.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари “Сергели” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида олиб кирилган товар-моддий бойликлар учун давлат бюджетига ундириладиган божхона тўловларидан бўйин товлаш мақсадида содир этилган навбатдаги найрангни фош этишди.

Наманган вилоятида рўйхатда ўтган “M.G” масъулияти чекланган жамият вакиллари ушбу ташкилот номига Кореядан юборилган умумий қиймати 1 млрд. 107 млн. сўмлик 320 минг донадан ортиқ бир марталик устараларни божхона юк декларациясида устара учун лезвиелар сифатида қайд қилишгани фош қилинди.

Экспертиза жараёнида маълум бўлишича, уддабуронлар божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилиш мақсадида ушбу товарларга тегишли юк-кузатув ҳужжатларидаги ёзувларни ҳам ўзгартиришади. Бу ҳам етмаганидек, жамият суриштирувлар давомида божхоначиларга қалбаки лицензияни ҳам тақдим қилган.

Шу тариқа сохта тадбиркорлар мазкур товарга тегишли ҳақиқий ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатура кодларини бошқасига ўзгартириш орқали давлат бюджетига аслида ундирилиши лозим бўлган тахминан 800 млн. сўмлик божхона тўловларидан бўйин товлашган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182-моддасига мувофиқ корхона мансадбор шахсларига нисбатан божхона ҳужжатлари ҳамда воситаларига ўхшатиб ясалган ҳужжатлардан алдаш йўли билан фойдаланган ҳолда жуда кўп миқдордаги товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ноқонуний ўтказишга уринишгани сабабли жиноий иш қўзғатилди.