Кўча ёқасида жойлашган томорқасида ер ағдариб турган Матрайим тоға олдига келиб тўхтаган машинадан тушиб келаётган, пўрим кийинган кишини кўриб, қўшнилардан бириникига меҳмон келди, шекилли, деб кўнглидан ўтказди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

- Ассалому алайкум, ака. Буржоқ қишлоғими?
- Ҳа-ҳа, келинг меҳмон! Сизга ким керак эди?
- Қаҳрамон табибнинг уйини излаб келаяпмиз. Ўғлим хаста, - деди маъюс тортиб ҳалиги киши. – Ким дедингиз? Қаҳрамон табиб... табиб.., - бироқ ўйланиб қолди Матрайим тоға. – Табиблигини билмадим-у, аммо ҳов нариги ҳовли тракторчи Қаҳрамоннинг уйи.

Матрайим тоға ўйга толди: “Ё тавба! Қаҳрамон тракторчи кеча қўллари мойга ботиб юрган эди-я... Бугун бир юмалаб, табиб бўлиб қолибди... Оёғи билан даволармиш, денг. Ё, тавба...”

Ноёб хислат...

Олот тумани Буржоқ қишлоғида кароматгўй, авлиёсифат табиб чиқибди. У девлари, парилари ёрдамида ҳар қандай касални даволармиш, деган узуқ-юлуқ миш-мишлар нафақат Бухоро вилояти, балки бутун республика бўйлаб, ҳатто қўшни Қозоғистон, Туркманистон томонларга ҳам тарқалиб кетди. Машиналар оқими бир зумда тўхтамайди. Дардманд кўп... Кимдир онасини, яна биров фарзандини, бошқаси яқин кишисини даволатиш учун Қаҳрамон табибга олиб келаверди. Бир ой олдин ўртаҳол яшаб турган бу хонадон кўп ўтмай беморлар остонасида навбат кутиб турадиган нажот масканига айланиб, шоҳона тус ола бошлади.

Фурсатдан фойдаланган тракторчи табиб бироз бош қотириб, ўзининг “усул”ини топди. Содда одамларнинг ишончига кириб олиш учун тарғибот ишларини йўлга қўйди. Бир кунда 130 нафар беморни қабул қилса, 300 кишига ўзининг “ноёб” хислатларини исботловчи ғирт ёлғон маълумотларни тарқатиб, гўё ўзини бепул хизмат қилаётгандек қилиб кўрсата бошлади. Ачинарлиси, у турмуш ўртоғи Г.Пўлатова, ўғли В.Пўлатов, қизи Ш.Пўлатова ҳамда ҳамширалар Д.Салимова, Н.Наврўзова, Н.Тоғаеваларни ҳам ўзига шерик қилиб олади.

Қалтис йўл

Қаҳрамон Пўлатов 2011 йил охиридан 2016 йилнинг 16 май кунига қадар республиканинг барча вилоятларидан даволаниш мақсадида келган фуқароларга яшаш уйида тиббий хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш шохобчасини ташкил қилиб, бир кунда 130 нафар беморни қабул қилади. Уларнинг ҳар биридан кунига 10 минг сўмдан пул олиб, 2012 йилдан 2015 йилгача 1 млрд. 872 млн. сўм, 2016 йил 13 апрель – “Пўлатов Қаҳрамон Зиёнур” хусусий корхонасини ташкил қилгунига қадар эса 131 млн. сўм, жами 2 млрд. 3 млн. сўм ноқонуний даромад топади.

Шунингдек, тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан, қабулига келган беморларга ҳар куни бир маҳал ўзи ва шогирдлари билан бирга оёқ ва қўлларидаги илоҳий нур орқали даволашини айтиб, одамларни ишонтиради.

Ноқонуний фаолият ортидан...

Қ.Пўлатов турмуш ўртоғи, ўғли ва қизи ҳамкорлигида жиноий йўл билан топилган маблағларига қонуний тус бериш ва шу йўл билан фаолиятини ривожлантириш мақсадида қишлоғидаги 1,03 гектар ер майдонини ноқонуний эгаллаб олади ва ўзбошимчалик билан бино қуради. Шунингдек, “Нексия”, “Спарк”, “Ласетти”, “Дамас” русумли автомашиналар ҳамда “ТТЗ-80-11” русумли тракторни сотиб олиб, турмуш ўртоғи ва ўғил-қизларининг номига расмийлаштиради. Бундан ташқари, 76 млн. 300 минг сўмга баҳоланган 54 бош қорамолни харид қилади.

Юқорида қайд этилганидек, 2016 йил 13 апрелда “Пўлатов Қаҳрамон Зиёнур” хусусий корхонаси ташкил қилинади. Бу пайтда одамлар авлиёсифат табибга кириш учун бир неча кунлаб навбат кутишар, ўша атрофда тунаб қолишларига тўғри келарди. “Табиб” яна саховат кўрсатиб, одамларга қулайлик яратиш мақсадини баҳона қилиб, ҳовлиси ичида ошхона ҳамда савдо дўкони ташкил қилади. Яхшилик савоб-ку, дерсиз?! Бироқ Қ.Пўлатовнинг бу хайрли иши ҳам қонунларга асосланган бўлганида қани эди?!

Натижада кирим ҳужжатлари бўлмаган 7 млн. 344 минг сўмлик озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари, 753 минг сўмлик ҳар хил турдаги истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари, тамаки, яхна ичимликлар ва сифат сертификати бўлмаган оргтехника товарлари, умумий миқдорда эса жами 15 млн. 577 минг сўмлик товар-моддий бойликларнинг, шунингдек, тиббий хизмат кўрсатишдан тушган 2 млн. 792 минг сўм, 960 АҚШ доллари ва 46 млн. 293 минг сўм, шунингдек, 2016 йил апрель-май ойларида фуқароларга кўрсатилган тиббий хизматдан тушган 166 млн. 754 минг сўм пулларни назорат-касса машинасидан ўтказмай, банк муассасаларига ҳам топширмай, савдо қоидаларини бузади.

Гаров

2016 йил 16 май куни Қ.Пўлатов хонадонига ташриф буюрган туман ИИБ, туман ДСЭНМ ходимлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Олот туман бўлинмаси раиси ҳамда МФЙ посбонига оила аъзолари билан қаршилик кўрсатади. Бу ҳам етмаганидек, қабулга келган ва ётиб даволанаётган фуқароларни ёрдамга чақиришади. Ҳокимият вакилларининг фаолиятини ноқонуний, дея улар беморларни даволашга қаршилик қилаётганликларини айтиб, тўполон кўтаришади. Табибга эргашган соддалар эса унинг кўрсатмаси билан ўз вазифасини бажараётган ҳокимият вакилларини уришдан ҳам тап тортишмайди.

Судга оид тиббиёт экспертизасининг 2016 йил 17 майдаги хулосасига кўра, бир неча нафар ИИБ ходимлари ҳамда бир нафар ДСИ ходимига енгил тан жароҳати етказилган. Уларнинг хизмат кийимларини йиртиб, уларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилишган.

Қ.Пўлатов эса сохта обрў орттириш мақсадида уни қўллаб-қувватлаган оммадан ғурурланиб кетиб, ҳовлиси ичида маъруза қилади.

Ҳаммамиз бирлашиб, бу “текширувчилар”нинг бирортасини ҳам ҳовлидан чиқиб кетишига йўл қўймаймиз. Улар биздан тиз чўкиб, кечирим сўрашсин, бундан кейин ишларимизга аралашмасинлар, - дейди табиб қатъий оҳангда.

Табибнинг гапи-гап, деб тушунган кишилар худди шундай қилишади, тинч, осуда замонда ҳокимият вакилларини гаровга олишади...

Сир фош этилди

Маълум бўлишича, Қ.Пўлатов терговда шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган Қозоғистон Республикаси фуқароси ёрдамида Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўзининг номига бутунжаҳон руҳшунослар, врачлар ва халқ табобати ассоциациясининг ҳақиқий аъзоси эканлиги ҳақидаги сертификат, Қозоғистон Республикасидаги “Куртка тайип” академиясининг ҳақиқий аъзолиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда кўкрак нишони, Қозоғистон Республикаси Олмаота шаҳридаги ўқув марказида бутунжаҳон халқ табобати мутахассислиги бўйича 2016 йил 1 мартдан 31 март кунига қадар ўқиганлиги ва тайёргарлик ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномани қалбакилаштириб олган экан. Кейин эса ушбу ҳужжат ва кўкрак нишонларининг суратини катталаштириб, уйининг кириш жойига илиб қўяди ва ўзини гўё илоҳий куч соҳибидек қилиб кўрсатади.

Бу ҳодиса тезда туманга, вилоятга тарқалиб кетди. Қуюшқондан чиқиб кетган табиб воқеа жойига етиб келган туман ҳокимига ҳам ўзининг тутуриқсиз талабларини қўя бошлади. Шахсий манфаати йўлида шунча қабиҳликка ақли етган Қ.Пўлатов қонун олдида барчанинг тенг эканини, қонун бузилишига йўл қўйган борки, албатта жазога тортилиши муқаррар эканини ўйлаб кўрмади.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг ҳукмига кўра, Қ.Пўлатов энг кам иш ҳақининг 150 баравари миқдорида жаримага тортилди ҳамда 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Ўғли В.Пўлатов эса 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига тортилди. Шунингдек, жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари ҳам Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилдилар.