Маҳмуд Раҳимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) яхши ниятлар билан қўшкўлликлар Жарости деб атайдиган тепаликнинг кунчиқар томонидан деҳқончилик қилиш учун ер танлади. Тепалик атрофидаги ер ҳеч кимга тегишли бўлмаган адирлик ва яйловдан иборат эди. Ўзлаштириб олсанг бас, экин-тикин экиб юраверасан. Маҳмуд қўлидаги белкурак билан кўзлаган ерини белгилай бошлади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Аллақандай аёлнинг бақир-чақирини эшитиб, ишини тўхтатишга мажбур бўлди. Бошини кўтариб, тепасида эскидан адоватлашиб келаётган ҳамқишлоғи, мактаб директори Абдунаби Ўсаровнинг турмуш ўртоғи Ойдинхон Норбоевани кўрди.

Одатдагидек, ўртада яна жанжал бошланди. Аёл у танлаган ер қишлоқ аҳолисининг моллари ўтадиган йўл эканлигини айтиб, ишини тўхтатишини талаб қилди. Маҳмуд унинг гапларига парво қилмагач, қўлидаги белкуракка ёпишди. Маҳмуд белкуракни бермасдан, даҳанаки жанг асносида ишида давом этди. Ойдинхон Норбоева у тўсиқ ўрнатиш учун кавлаган ерини қўллари билан кўмишга тушди. Жаҳли чиққан Маҳмуд тепаликдан пастга қараб: “Зўр бўлсанг, ўзинг чиқ, хотинингни олдимга жўнатма”, дея бақирди. Бироз вақтдан сўнг пастдан аёлнинг эри Абдунаби Ўсаров чиқиб келди. Жанжалу тортишув энди роса авжига чиқди...

Эндигина йигирма уч ёшни қаршилаган Маҳмуд билан Абдунаби ўртасидаги ер можароси бундан анча аввал бошланган эди. Маҳмуд дастлаб Абдунаби Ўсаров раҳбарлик қилаётган мактаб яқинидан ер танлаб, унинг атрофини тошдан қалама усулида чегаралай бошлаганида директор маҳалла оқсоқоли бўлиб ишлайдиган акаси орқали қаршилик қилганди. Маҳалладошларининг қаршилигидан сўнг Маҳмуд бу ердан воз кечишга мажбур бўлганди.

Май ойининг ўрталари эди. Маҳмудга ҳамқишлоғи Тоҳир Исломов жияни Маҳфузадан хат бериб юборибди. Ёзишича, Жарости тепалиги томонлардан ер берилаётганмиш. Тоҳирнинг ўзи ҳам ер олганмиш. Маҳмуд эртаси куни азондаёқ эшагини миниб, аввал Тоҳирникига, сўнг у билан бирга Жарости томонга йўл олди. Ерни белгилаб олгач, Тоҳир ўз йўлига кетди. Маҳмуд энди ишга киришганда директор ва унинг хотини қаршилик кўрсатишди.

Улар узоқ тортишдилар. Охири ғазаб отига минган Маҳмуд белкурак билан Абдунаби муаллимнинг бошига туширди. Муаллим бошини чангаллаб ерга йиқилди. Ойдинхон додлаб юборди. Нима қилиб қўйганини англаб-англамаган Маҳмуд эса орқа-олдига қарамай қочишга тушди...

Жиноят ишлари бўйича вилоят судида Маҳмуд Раҳимовнинг мазкур жиноят иши кўрилди. У марҳум Абдунаби Ўсаровни турмуш ўртоғининг кўз ўнгида қасддан ўлдирганлиги ўз исботини топди.

Суд ҳукми билан унга 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бир парча ер можароси... Шу туфайли ҳали куёвлик либосини ҳам эгнига илишга улгурмаган навқирон йигитнинг ўн олти йиллик умри панжара ортида ўтадиган бўлди. Қирқ саккиз ёшида машъум жанжал қурбони бўлиб, ҳаёт билан видолашган Абдунаби Ўсаровнинг изидан етти фарзанди изиллаб қолди... Ваҳоланки, ер масаласини қонуний ҳал этиш имкони бор эди.