Афсонавий боксчи Муҳаммад Алининг ўғли Кичик Муҳаммад Али АҚШ конгрессидаги тадбир иштирокчиларига Майами аэропортида қўпол муомалага дуч келгани ҳақида сўзлаб берди.

Тадбир АҚШ президенти Дональд Трампнинг миграция сиёсатига қарши норозилик сифатида бир гуруҳ демократларнинг ташаббуси ва ташкилотчилигида ўтди.

Боксчи ўғлининг айтишича, 7 февралда Майамидаги Форт-Лодердейл халқаро аэропортида АҚШ миграция хизмати ходимлари унинг ислом динига эътиқод қилишини билганларидан кейин уни тўхтатиб, маълум вақт ёпиқ хонада ушлаб туришган. 

"Сўроқ икки соатга яқин давом этган. Мен ўзимни гўёки отамнинг дафн маросимида бўлгандек ҳис қилдим", деб айтмоқда Кичик Муҳаммад Али.

Унинг айтишича, у бундай муомаладан эсанкираб қолган ва нима деб ўйлашни ҳам билмаган.

Марҳум боксчининг беваси Белинда Бойд ҳам ўғлининг аэропортда ушланиши вақтида  бошдан кечирганларини гапириб берган ва бундай ҳодисалар бошқа қайтарилмаслигига умид билдирган.