Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатнинг конституциясига киритилган тузатишларни имзолади. Унга кўра президентнинг қатор ваколатлари парламент ва ҳукуматга берилади.

«Давлат раҳбари «Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини имзолади», — дейилган хабарда.

Ўтган ҳафтада Қозоғистон парламенти конституцияга киритиладиган ўзгартиришлар лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаганди.

Ҳужжатда мамлакат асосий қонунининг давлат тармоқлари ўртасида ваколатларни тақсимлашга қаратилган 23та моддасига ўзгаришлар киритилиши кўзда тутилган.

Таклиф этилган тузатишлар парламент ролини кучайтириш, ҳукумат мустақиллиги ва масъулиятини оширишга қаратилган. Қонун лойиҳаси, шунингдек, суд тизими ва прокуратуранинг конституциявий асосларига аниқлик киритади.