Талабалик давримизда домламиз  Анвар Каримов телевизион журналистика фанидан дарс ўтарди. Улар ҳар гал “Эфир, бу — мисоли оқ нейлон кўйлак: унга тушган биттагина доғ эфирни расво қилади”, дердилар. Бу куйинишларини ўша пайтда унча ҳам тушунмасдик ёхуд эътиборга олмасдик. Аммо кейинчалик яхши англадик. Бугун эса гувоҳ бўлиб турибмиз. 

Гап шундаки, телевизион журналистиканинг қайси жанрида бўлмасин, эфирга узатилган ижодий маҳсулот аудиторияга ўз таъсирини ўтказмай қўймайди. Айниқса, ёш авлод тарбиясида бу яққол сезилади. 

Кейинги пайтда хусусий телеканаллар “оқ нейлон кўйлакларини лойга белаш” билан банд. Чунончи, маънавий-маърифий жиҳатдан савиясиз кўрсатувлар, “оммавий маданият” омилларини тарғиб қилиш, миллат фарзандларининг онгини ёт иллатлар билан кўр-кўрона тўйинтиришга куч бериш миллатнинг оппоқ кўйлакдек маънавиятига доғ туширишдир. 

Мисол келтирамиз: Мy5 телеканалида “Бола тилидан” кўрсатуви эфирга узатилади (эҳтимол “Бола бошидан” деб ҳам номланса керак). Бошловчи — хонанда Рухшона. Кўрсатувда 4-5 ёшли болаларга турли саволлар бериб улардан жавоб олинади. Саволлар ҳар-хил. Аммо баъзилари.....

"Бахт нима?"

"Кўз остингизга олиб қўйганингиз борми?"

"Нега эркакларда соқол бор, аёлларда йўқ?"

"Уйлангандан кейин чақалоқни ким олиб келади?" 

Энди бир ўйлаб кўрайлик, бундай савол беришдан мақсад нима? 

Ёки яна бир мисол: “Миллий тв” бренди остида фаолият юритаётган телеканал номига эмас, аксинча асрлар давомида шаклланган, бебаҳо қадриятларимиз ва анъаналаримизга асосланган миллийликни парчалашга, ахлоқий қолипларни синдиришга хизмат қиляпти, десак хато бўлмайди. 

Айниқса, “Миллий тв”нинг навбатдаги кўнгилочар дастури ғурур ва номусни ҳам топтаб ўтди. Миршакар исмли бошловчи шоу тарзидаги кўрсатувида аёл иштирокчи томонидан лаб бўёғини лабига суртди ва буни ҳазилона хатти-ҳаракатга йўйди. Бу ҳазил билан ўзбекнинг эркаклик ғурури ва орияти чинакамига оёқ ости бўлди. 

Янги иш бошлаган “Зўр тв”нинг қадами ҳалитдан бежо. Янаям халқимиз сабрли ва андишали. Барига кўз юмиб, сабр қилиб келмоқда. Бироқ ушбу телеканал раҳбарлари ёхуд раҳнамолари миллатнинг андишаси отини қўрқоқ қўйишмасин.

Ўзбекистон республикаси президентининг 2006 йил 25 августдаги “Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги 451-сон қарорида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, ёшларимизнинг онгини заҳарлаб, маънавий жиҳатдан қарам этишга қаратилган мафкуравий ҳаракатларга қарши самарали кураш олиб бориш вазифалари белгилаб берилган. 

Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунининг “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари”га бағишланган 5-моддасининг 7-хатбошиси ёшларни ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, терроризм ва диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилишни ифода қилади. 

Мазкур қонуннинг 14-моддасида прокуратура органлари ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириши белгилаб қўйилган. Аммо, юқорида қайд этилган “миллат кушанда”ларининг маънавий таҳдидларини масъул органлар, фуқаролар шунчаки томошабин бўлиб кузатиб турибмиз, холос. Уни кўраётган ёшлар эса бундай қилиш мумкин экан, деган тарбия билан улғайишмоқда. 

Хуршид Далиев, журналист