Мен, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига 2016 йил 9 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК)да айрим муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида ўз мулоҳазаларим ва таклифларимни билдириб, мурожаат қилган эдим. Лекин ОАК раиси А.Юсупов, ЎзМУ қошидаги Илмий кенгаш раиси Б.Тўйчиев ва К.Тўхтабеков иштирокидаги (бу гуруҳ, мажозий маънода, менга қатағон йилларидаги инсонлар тақдирини ҳал қилган «учликни» эслатди) ОАК ишчи груҳининг 17 ноябрь куни ўтказилган суҳбатидан ҳам, 22 ноябрь куни берилган жавоб хатидан ҳам, мутлақо қаноатланмаганлигим сабабли ушбу масала бўйича кенг жамоатчилик фикрига мурожаат этмоқчиман.

1. Менинг мурожаатимда «диссертация мавзусини танлаш, унинг таҳрири ва эълон қилиш масъулиятини Ихтисослашган кенгашга ёки унинг қошидаги Илмий семинар тасарруфига бериш мақсадга мувофиқ», деган таклифим ОАК раёсатининг эътибордан четда қолди.

Мен «ОАК экспертлари таркибида фалсафа соҳаси бўйича мутасадди аъзонинг (фалсафа фанининг муайян соҳасида йирик олим, мутахассис бўлса ҳам), унинг ўз мутахассислигидан бошқа йўналишлар бўйича диссертация мавзусини танлашга доир шахсий фикри ягона, мутлақ ҳақиқатликка давогарлик қила олмайди», деган фикримда қатъий қоламан. Буни кейинги йилларда «ОАК томонидан таҳрир қилиб, ахборотномаси»да эълон қилинган «хашаки мавзулар» рўйхати ҳам кўрсатиб турибди.

2. Мен мурожаатимда тадқиқотчининг илмий ишларини эълон қилиш мезонлари ҳақида: «Диссертантлар илмий ишларини турли нашрларда эълон қилишига доир ОАК талаблари ҳам, рўйхатига киритилган журналларнинг илмий салоҳиятини ва сонини аниқлаш мезонлари ҳам, назаримизда рационалликдан йироқ», деган фикрни билдирганман.

Ҳақиқатда ҳам, республикамизнинг барча университетлари илмий журналларига – ахборотномаларига эга. Лекин, уларнинг фақат 3-4 таси ОАК рўйхатга киритилган. Буни журналлари рўйхатга киритилмаган олий ўқув юртларини назар-писанд қилмасликка, камситишга ишора, деб тушуниш мумкин, деган мулоҳазаларимга, уларнинг салоҳияти пастлигини сабаб қилиб кўрсатишди. Агар уларнинг илмий салоҳияти паст бўлса (мен бунга катта шубҳа билан қарайман) олий ўқув юрти ва унинг илмий нашри нега керак деган савол туғилади. Бу олий ўқув юртлари ва уларнинг нашрлари илмий салоҳияти мақомини, фақат ОАК белгиламаса керак!

3. Менинг «хорижда умуман нашриёт, шу жумладан илмий журналлар коммерциялашган. Диссертант бу журналларда битта мақола чоп эттириш учун (нашриёт мақомидан келиб чиқиб, 800-1500 АҚШ доллари миқдордиа) чет эл валютаси тўлаши керак. Бу эса, четга валюта чиқиб кетишининг муҳим каналидир», деган мулоҳазамга ОАКнинг жавоб хатида эълон қилинган ишларнинг умумий сони 15 тадан кам бўлмаслиги ва улардан камида 10 таси ОАК рўйхатига киритилган илмий журалларда, шулардан 2 таси нуфузли хорижий илмий журналларда чоп этилиши кераклигини билдирилиб, қўйилган масала, умуман диққатдан четда қолиб кетган.

Шунингдек, бу журналлар рўйхатига диний ва миллий тарихий анъаналарида умумийлик бўлган: Марказий Осиё давлатлари – Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Шарқ мусулмон давлатлари (масалан, Озарбойжон, Эрон, Покистон) ҳамда ШХТга аъзо бошқа давлатларда нашр этиладиган миллий журналлар рўйхатга киритилмаганлиги  сабаблари суҳбатда ҳам, жавоб хатида ҳам изоҳлаб берилмади.

Ваҳоланки, ОАК рўйхатига киритилган Россиянинг: «Вопросы философии» ва «Философские науки» журналларида, умуман кейинги 10 йилда бирорта ҳам ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг мақоласи эълон қилинган эмас. Улар фақат рўйхатга «хўжа кўрсинга» киритилган.

4. Менинг «тадқиқот жараёнида эришилган илмий натижаларнинг олий таълим тизимига жорий қилиниши, яъни Олий, махсус ва ўрта таълим вазирлиги томонидан диссертантларнинг тадқиқот мавзулари бўйича: маърузалар, амалий машғулотлар, ҳатто махсус курслар, танлов фанлари дастурлари, маъруза матнлари, ўқув қўлланмалари тузишда фойдаланганлиги ҳақидаги берилган далолатномалар, уларни тасдиқловчи ҳужжатлар ОАК томонидан эътиборга олинмайди. Ваҳоланки, таълим тизими ҳар қандай соҳада илмий иш натижаларини оммалаштиришда энг қулай ва самарали усул-восита ҳисобланади», деган таклифим ҳам жавобсиз қолди.

Чунки ОАК «Низоми»га кўра, фақат дарслик яратиш – диссертация натижаларининг янгилиги ва амалиётга татбиқи ҳисобланади. Ўзбекистонда фалсафа фани бўйича кейинги ўн-ўнбеш йилда, атига иккита дарслик йирик файласуф олимларлар, нуфузли профессорлар ҳаммуаллифлигида нашр эттирилган. Бу ҳам ОАК талаби мавҳумлигини  яққол кўрсатиб турибди. Шунинг учун илмий тадқиқот натижаларини таълим-тарбия соҳасига жорий қилиш, устувор вазифа сифатида эътироф этилиши керак.

Ўзбекистон Респубикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сайлов олди дастурида ва халқ билан учрашувларида қўшни давлатлар билан ҳар томонлама хамкорлик масалаларига алоҳида эътибор берилгани бежиз эмас. Зеро, қўшни давлатлар билан муносабатларни мустаҳкамлаш – тинчликнинг муҳим шарти. Улар билан «халқ дипломатиясини» ўрнатишда эса, халқаро алоқаларнинг субъектлари – ижтимоий-гуманитар фан соҳалари олимлари, спортчилар, санъаткорлар катта роль ўйнаши шубҳасиз.

Айниқса, ҳозирги даврда қўшни давлатлар ўртасида трансчегаравий ресурслардан фойдаланиш, атмосфера мусаффолигини таъминлаш, ҳудудий барқарорликни сақлаш масалаларида, муайян зиддиятлар вужудга келган вазиятда, илмий жамоатчиликнинг халқаро алоқаларини кучайтиришда, ахборот айрибошлашда иштироки заруриятини исботлашга ҳожат йўқ.

Бундай шароитда ҳар бир ташкилот раҳбарининг миллат манфаати йўлида давлат миқёсида тафаккур қилиш салоҳиятини шакллантириш муҳим сиёсий аҳамиятга эга. Зеро, олимларга фақат фан соҳасида эмас, балки сиёсат, ижтимоий-гуманитар соҳаларда ҳам халқаро алоқаларни ривожлантириш миссияси юклатилган.

5. Мен мурожаатда билдирилган фикрларимга ОАК раҳбарияти жиддий эътибор бериб муносабат билдирганлигига, яъни менга юборилган жавоб хатига масъулият билан ёндашганига шубҳаланаман. Чунки «семинар ва Илмий кенгаш аъзоларини фалсафа фани ихтисосликлари бўйича қатъий «селекция» қилиш катта аҳамиятга эга. Ҳозирги амалиётда эса, образли қилиб айтганда, «офталмология» ихтисослиги бўйича ҳимоя қилинадиган диссертация семинарларида, кенгашларида, асосан гинекологлар иштирок этадилар», деб фалсафа фанларида ҳам унинг барча ихтисосликларига дифференциал ёндашиб, аъзоларни танлаш зарурлиги ҳақида айтган мулоҳазамга жавобида: «Мурожаатда келтирилган «офталмология» ихтисослиги бўйича илмий семинарга 15 нафар фақат шу ихтисослик бўйича мутахассислар киритилган», деб менга, «туҳмат қилманг деган маънода» офталмология илмий кенгашининг рўйхатини ҳам кўрсатишди. Ваҳоланки, мен бу билан, умуман офталмологияни назарда тутмаганман.

6. ОАКнинг жавоб хатида: «ОАКга тақдим этилган ҳужжатлар таркиби (эътибор қилинг) ўрта ҳисобда 42 фоизга ва ҳужжатларни қабул қилиш вақти 83 физга …ҳимоя тўғрисида ОАК веб-сайтида эълон берилган кундан бошлаб, ҳимоя қилиш муддати 50 фоизга ва ҳимоядан кейин ҳужжатларни ОАКга тақдим қилиш муддати 66 фоизга қисқартирилди», дейилган.

Ваҳоланки, диссертант ҳимоягача барча ҳужжатларини Ихтисослашган кенгашга тақдим қилади, акс ҳолда ҳимояга қўйилмайди. Химоядан кейин эса, ОАКга фақат Ихтисослашган кенгаш аъзолари қайднома варақаси ва Кенгаш баённомасини тайёр ҳужжатларга қўшиб топширади. Бунинг учун эса, аввалги 1 ойлик муддатни, нари борганда 3 кун қилиб белгилаш мумкин.

Агар ОАК томонидан шу оптималлаштириш ишлари амалга оширилган бўлса, ЎзМУ қошидаги Илмий кенгашда охирги номзодлик диссертацияси ҳимояси 2012 йил июнь ойида бўлган эди. 2016 йилда бу Кенгашда бор-йўғи учта (2таси аввал номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган) тадқиқотчиларнинг докторлик илмий даражаси учун диссертация ҳимояси бўлганлигини, ҳозир Илмий кенгашда (кенгаш раиси маълумотига кўра) 5та тадқиқотчининг илмий ишини 5-6 ой аввал илмий семинарлардан ўтса ҳам, ҳимоя қила олмаётганлигини ёки  иш жойидан тавсия билан келган ишлар (ОАК ижозати бўлмаганлиги учун!) кенгашга қабул қилинмаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Чунки ОАКда аввалгисидан ҳам мукаммал бюрократик чиғириқлар пайдо бўлган. Масалан, илмий ишлар натижаларини амалиётга жорий қилиш ҳақидаги далолатномаларни, фақат ОАК талаб қилган вазирлик ва ташкилотлардан, қатъий стандартлашган шаклда олиш ёки барча босқич муҳокамаларидан ўтган диссертацияни ва авторефератини шахсан ОАК раиси ижозати, унинг таҳрири талабларини бажаргандан кейин ҳимояга қабул қилиш  муддатларни йиллаб чўзиб юбормоқда.

Мулоҳазаларимнинг умумий хулосаси, қуйидагилардан иборат:

1. Функционал умумийлигини эътиборга олиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ва ОАКни бирлаштириш мақсадга мувофиқ. Бу бир томондан, илмий тадқиқот жараёнини: ташкиллаштириш, бошқариш ва назорат қилишни унификациялаштиришга, унинг қонуний асосларини мустаҳкамлашга, диссертациялар ҳимоясининг ташкилий механизмлари самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Иккинчи томондан, диссертантларнинг илмий мақолалар, монография, автореферат нашр эттириш билан боғлиқ молиявий муаммоларини ҳал қилишга, илмий семинарларда, ихтисослашган кенгашда оппонентлик қилган олимлар меҳнатини тақдирлаш масаласини давлат сиёсати даражасида ҳал қилиш имкониятларини яратиши мумкин.

2. Фан доктори илмий даражасини ҳимоя қиладиган диссертантнинг: иш жойига, фуқаролик институтларига, нодавлат-нотижорат ташкилотларга ҳомийлик масъулиятини юклашнинг ташкилий (масалан, махсус фонд ташкил қилиш) масаласини ўйлаб кўриш зарур. Чунки илмий даража фақат диссертантга эмас, балки у ишлаётган корхона ёки ташкилотга ҳам, давлат ва жамиятга ҳам керак.

3. Ўзбекистон ОАКининг ваколат мақомини, ташкилий структурасини, функцияларини ислоҳ қилишда ўзимизга хос ва мос миллий моделимиз бўлиши, унинг нисбатан турғун қонуний-ҳуқуқий ва мукаммал  норматив асослари қонун мақомида яратилиши керак. Чунки ОАК фаолиятини регламентлаштирувчи қонуности ҳужжатларининг ОАК раҳбарияти томонидан тез-тез волюнтаристик тарзда ўзгариб туриши, тадқиқотчиларга қийинчиликлар туғдирмоқда.

Бу фикр-мулоҳазалар демагогликдан, ҳавойи гаплардан ҳоли деб уйлайман. Зеро, бу таклиф-мулоҳазалар нафақадаги қариянинг бекорчилигидан қилинаётган инжиқлиги эмас, балки 45 йиллик илмий-педагогик фаолият, Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ ҳузуридаги фалсафа фанларидан фан номзоди ва доктори илмий даражасини ҳимоя қилиш бўйича Илмий  кенгашнинг бир неча йил котиби, раиси вазифаларида ишлаш, аъзо бўлиш, ўнлаб тадқиқотчиларга илмий раҳбарлик ва маслаҳатчилик қилиш, 300дан ортиқ илмий ишларга муаллифликдан ортирилган тажрибаларига асосланган.

Энг муҳими, 2017 йилни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаати» йили деб эълон қилиниши менинг мурожаатимни изсиз йўқолиб кетмаслигига ишонч-умид туғдирмоқда.

Мамашокиров Саидмурод – фалсафа фанлари доктори, профессор.