10-март куни Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида "Конг: бош суяк ороли" фильми премьерасида тадбир учун махсус қурилган улкан горилла ҳайкали ёниб кетди.  AFP шу ҳақидаги хабар ва видео билан бўлишди

Маҳаллий машҳурлар ва партия амалдорлари ташриф буюрган картина премьераси савдо маркази яқинида уюштирилган эди. Бошловчи нутқ сўзлаётган пайтда унинг орқасидаги декорациялардан бири - Кинг-Конг бир қўли билан ушлаб турган тоғ ёна бошлади. Агентликда таъкидланишича, дастлаб меҳмонлар буни шоунинг бир қисми сифатида қабул қилишган, бироқ бир неча дақиқадан кейин маймуннинг 5 метрли ҳайкали буткул олов оғушида қолган.

Кинг-Конгнинг ёнаётган ҳайкали шоу эмаслигини тушуна бошлаган томошабинлар ваҳимага туша бошлашди. Савдо маркази ходимлари ўт ўчирувчиларни чақиришди. AFP маълумотига кўра, премьерага келганлар орасида ҳеч ким жабрланмаган. 

ОАВ ёнғин сабаби тоғ декорациясида бўлганини тахмин қилди. Бироқ савдо маркази матбуот хизматининг  изоҳлашича, бу машъал билан рақсга тушаётган раққоснинг хатоси бўлган - у тасодифан Кинг-Конг ҳайкалини ёқиб юборган.