Жанубий Кореяда импичмент орқали лавозимидан четлатилган илк президент бўлган Пак Кин Хе бугун кун охирига қадар президентлик саройини тарк этиши керак. Бу ҳақда NHK телеканалида хабар қилинди.

Бугун Корея Республикаси конституцион суди Парламент томонидан ўтган йилнинг 9 декабрида эълон қилинган импичментни маъқуллаб, президентни лавозимидан четлатди. Энди Кореяда 60 кун ичида муддатидан олдин президент сайлови бўлиб ўтади.

Президент коррупцион можарога аралашиб қолгани туфайли лавозимини тарк этишга мажбур бўлди.

Прокуратура унинг дахлсизлик ҳуқуқи туфайли унга нисбатан жиноий иш оча олмасди. 

Эндиликда Пак Кин Хе собиқ президентларга бериладиган барча имтиёзлардан: маошининг 70 фоизи миқдоридаги умрбод пенсиядан (12 млн вон ёки 10,4 минг доллар), уч нафар ёрдамчи, шахсий ҳайдовчи ва давлат шифохоналарида бепул тиббий хизматдан маҳрум бўлади.  

Шунингдек, у жиноий таъқиб қилиниш иммунитетидан маҳрум бўлади. Бу эса Жанубий Корея прокуратурасига уни кўп масалалар бўйича сўроқ қилиш имкониятини беради.