Бугун, 10 март куни Кремлда Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Томонлар Суриядаги вазиятни, хусусан, ушбу мамлакатдаги ҳарбий амалиётлар икки давлатнинг мувофиқликдаги ҳаракатлари орқали олиб борилишини муҳокама қилишган.

Эрдўған Россия ва Туркия ўртасидаги авиарейслар миқдорини кўпайтиришни таклиф этган.

«Мен биринчи бўлиб шуни айтишни истардимки, давлатларимиз ўртасидаги авиапарвозлар ҳажмини оширишимиз керак. Шунчаки, парвозлар миқдорида чекловларни бекор қилиш керак», деган у.

Эрдўған РФ ва Туркия муносабатлари ривожидаги тўсиқларни олиб ташлаш кераклигини таъкидлаган.

«Биз ўзаро муносабатлар ривожидаги барча тўсиқларни олиб ташлашимиз керак. Россиядаги фирма ва компанияларимиз санкциялар ва чекловлардан қутулиши керак», деган у.

Икки президент ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик масаласини ҳам муҳокама қилган.

«Бизнинг ҳарбий соҳадаги ҳамкорлигимиз тет-а-тет форматидаги музокаралар давомида муҳокама этилган. Бу соҳа ҳамкорлигимизнинг муҳим қисмидир», деган турклар раҳбари.

Эрдўған «Аккую» АЭСи қурилишини Туркия учун муҳим қурилиш деб атаган.

«Ҳозирда биз энергетика масалаларида қалин ҳамкорлик қилмоқдамиз. «Туркия оқими» бўйича ишлар жадал кетмоқда. «Аккую» АЭС (Туркиядаги биринчи атом электр станцияси - таҳр.) борасида эса шуни айтишим мумкинки, бу қурилиш биз учун ҳаётий аҳамиятга эга ва биз бу лойиҳанинг амалга оширилиши жараёнини диққат билан кузатамиз», деган Эрдўған.

Эрдўған Путинни Истанбулга, Қора денгиз иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти йиғилишига таклиф этган: «Истанбулда Қора денгиз иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти йиғилиши ўтказилади ва унга сизни таклиф этаман. Умид қиламанки, бу таклиф қабул қилинади».

Эрдўған матбуот анжумани вақтида ўтган йил декабрида Россиянинг Анқарада ўлдирилган элчиси Андрей Карловнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган.

«Яна бир бор теракт қурбони бўлган россиялик дипломат Карловни хотирлашни истардим. Бугун шу ерда туриб, яна бир бор унинг оила аъзоларига ва рус халқига ҳамдардлик билдирмоқчиман. Ўз фаолияти давомида у сидқидилдан ишлади ва Россия ҳамда Туркия муносабатлари яхшиланиши учун ҳаракат қилди», — деган у.

Эрдўған Сурияда қон тўкилишини тўхтатиш чораларини кучайтиришга чақирди.

«Минтақа хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳамкорлигимизнинг муҳим соҳаси. Сурияда қон тўкилишини тўхтатиш учун биз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Биз ҳозирда Сурия шимолини террорчилардан тозалаш босқичидамиз ва бу борада ишлар жадал олиб борилмоқда», дейди Туркия президенти.

Туркия армияси ўтган йилнинг 24 августида Сурияга қуруқликдаги қўшинларини киритди ва «Фрот қалқони» операциясини бошлади. Сурия мухолиф кучлари билан иттифоқчиликда олиб борилган жанглар натижасида аввалига Жараблус шаҳри, кейинроқ Ал-Боб озод қилинди. Эрдўған Туркия армияси мамлакатнинг жанубий ҳудудлари хавфсизлиги учун Сурия шимолида террорчилардан холи, 5 минг кв км майдонни барпо қилиш ниятида эканини таъкидлаб келмоқда.

Эрдўған Сурия ва Ироқдаги асосий вазифани айтиб ўтди.

«Биринчи навбатда, Сурияда ҳам, Ироқда ҳам бу икки давлатнинг ҳудудий яхлитлиги сақлаб қолинишини таъминлаш асосий вазифадир. Биз бу давлатларнинг парчаланишига йўл қўя олмаймиз», деган у.