Шавкат Мирзиёев Бухорода паррандачилик лойиҳаси билан танишди

Ўзбекистон 10 Март 2017 11161

Бухоро вилоятида ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Жондор туманидаги «Жондор чинор чорва» компанияси томонидан ташкил этиладиган паррандачилик мажмуаси лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Бухоро вилоятида паррандачиликни ривожлантириш мақсадида интенсив технологиялар кенг жорий этилмоқда. Натижада тухум ва парранда гўшти ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда. Бугунги кунда вилоятда паррандалар 3,8 миллион бошга, тухум ишлаб чиқариш 347,7 миллион донага етди.

Парҳез гўшт ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш мақсадида «Жондор чинор чорва» масъулияти чекланган жамияти Нидерландиядан гўшт йўналишидаги наслли парранда олиб келди.

Энди корхона негизида қўшимча равишда парранда гўштини қайта ишлаш цехи, 110 минг бош жўжа ўстиришга мўлжалланган мажмуани ишга тушириш режалаштирилган.

Умумий қиймати 15 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа натижасида парранда гўшти тайёрлаш 2 минг тоннага етказилиб, унинг минг тоннаси қайта ишланади.

Аҳолига 18 миллион дона тухум, 1 миллион дона жўжа етказиб берилади. Маҳсулот экспорт ҳам қилинади. Жами 285 иш ўрни яратилади.

Президент корхонанинг рентабеллигига эътибор қаратди. Паррандаларни касалликлардан ишончли ҳимоя қилиш, хориждан олиб келинаётган озуқа маҳсулотларини маҳаллийлаштириш даражасини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Кўпроқ янгиликлар