2017 йилнинг 13-март куни Венада БМТнинг гиёҳвандлик моддалари бўйича Комиссияси (ГМК)нинг 60-йиғилиши ўз ишини бошлайди. Юбилей йиғилиш иштирокчилари - БМТ, халқаро ва минтақавий ташкилотларга аъзо мамлакатлар делегациялари, экспертлик ҳамжамияти вакиллари. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)нинг бош котиби Рашид Алимов Пекинда ТАСС мухбирига берган интервьюсида ШҲТ ва БМТнинг гиҳвандликка қарши ҳамкорлиги борасидаги фикрлари билан бўлишди. 

Унга кўра, мазкур йиғилишнинг биринчи кунида "БМТ ва ШҲТ гиёҳвандликка қарши курашда: умумий таҳдидлар, ҳамкорликдаги ҳаракатлар" номли юқори даражали махсус тадбир, шунингдек  ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтади. 

"Аксилгиёҳвандлик трекида халқаро ва минтақавий ташкилотлар, биринчи навбатда БМТ билан ҳамкорлик қилиш ШҲТ учун устувор аҳамиятга эга. Гиёҳвандликка қарши курашда биз бир-биримизни тўлдириб турамиз. Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари бу масалага катта эътибор қаратишмоқда", - дейди Рашид Алимов. 

Унинг сўзларига кўра, бундай юқори даражали тадбир биринчи марта ўтказилмоқда ва у делегация фаолиятининг энг муҳим пунктларидан бири ҳисобланади. 

Мазкур тадбирда БМТ бош котиби ўринбосари, БМТнинг гиёҳвандлик билан курашувчи бошқармасининг ижрочи директори Юрий Федотов, ШҲТга аъзо мамлакатлар делегацияси раҳбарлари иштирок этади. 

Маълумотларга кўра, тадбир икки қисмдан иборат бўлади - расмий очилиш ва давра суҳбати.

"ШҲТ ва БМТ ўртасидаги амалий ҳамкорлик глобал ва минтақавий ташкилотлар ўртасида ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли ҳамкорлик юритишнинг ажойиб намунасидир. Гиёҳвандликнинг дунёга таҳдиди чегара билмайди. Бутун дунё ҳамжамияти унга қарши биргаликда курашиши лозим", - дея таъкидлади Р.Алимов. 

13-15 мартда БМТнинг Венадаги бўлими марказий холлида Комиссия 60-йиғилишининг делегация ва меҳмонлари учун Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ахборот стенди намойиш этилади. Зиёратчилар ШҲТга аъзо мамлакатларнинг наркотрафикка қарши курашда ўзаро ҳамкорлиги ва ҳаракатларига доир асосий маълумотлар билан танишиш имконига эга бўлишади.

"Дастурнинг алоҳида пункти - ШҲТга аъзо мамлакатларнинг БМТ Бош Ассамблеяси Махсус сессиясига наркотрафик муаммоси бўйича Баёнот тарқатиш. Биз уни ГМК иштирокчиларига Жаҳон Ташкилотининг олти расмий тилида тақдим этишни режалаштиряпмиз", - деди ШҲТ бош котиби Р.Алимов.