Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети қошидаги хорижий тилларга ўқитишнинг инновацион усулларини ривожлантириш Республика илмий-амалий марказида Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Япония таълим муассасалари билан икки томонлама ҳамкорликни ўрнатиш, профессор-ўқитувчилар таркиби ва тадқиқотчилар ўртасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда ёшларга таълим бериш мақсадида дунё стандартлари асосида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, мамлакатимизда жаҳоннинг кўплаб етакчи университетлари филиаллари очилди ва муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.

Марказ директори Улуғбек Азизовнинг айтишича, ҳар икки мамлакат илм-фан ва таълим соҳасида ўзаро ҳаракатларни ташкил этиш ва кенгайтириш учун катта салоҳиятга эга. Республикада мустақиллик йилларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, уларнинг натижасида мамлакатда самарали таълим тизими шакллантирилди. 

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вакили Асами Эиджи эса учрашув сермаҳсул бўлганини қайд этди. “Биз унинг доирасида фойдали музокаралар ўтказдик, Ўзбекистон таълим тизими ва хорижий тилларга ўқитишнинг инновацион усуллари замонавий ривожланиши ҳақида кўплаб янги маълумотлар олдик. Биз Ўзбекистонга тажриба алмашиш ва ўзбек маданиятини ўрганиш мақсадида талабалар гуруҳини жўнатиш ниятидамиз”.

Ташриф якунига кўра таълим соҳасидаги алоқаларни қўшма тадбирлар, илмий-амалий анжуманларни ўтказиш ва амалиётчиларни ўзаро алмашиш орқали фаоллаштиришга келишиб олинди.