Япония мамлакати 2011 йил 11 март куни юз берган табиий офат қурбонлари хотирасига бир дақиқалик сукут сақлаш билан ҳурмат бажо келтирди. Токио марказидаги Миллий театрда бўлиб ўтган хотира маросимида маҳаллий вақт билан соат 14:46да бир дақиқалик сукут эълон қилинди. 6 йил муқаддам шу куни мамлакат тарихидаги энг даҳшатли 9 баллик зилзила рўй берган ва шундан сўнг цунами пайдо бўлганди. 11 март куни мамлакат бўйлаб хотира маросимлари бўлиб ўтмоқда. 

Айрим жойларда тўлқин баландлиги 40 метрга етди. Айнан цунами кўплаб инсонлар ҳаётига зомин бўлди. Сўнгги маълумотларга кўра, ўшанда табиий офатдан 15893 киши ҳалок бўлган, 2550 нафардан ортиқ киши орадан 6 йил ўтганига қарамай, бедарак йўқолган ҳисобланмоқда. 120 мингдан ортиқ одам кўчирилганидан сўнг, уйларига қайтганларича йўқ. 

Офат, шунингдек, "Фукусима-1" АЭСида фалокатга сабаб бўлди. Унинг энергия билан таъмминлаш ва совутиш тизимлари ишдан чиқди. Бунинг оқибатида учта реактордаги ядро ёқилғисининг эриши рўй берди ва портлашлар ҳамда ҳавога радиация чиқарилишига олиб келди. АЭС атрофидаги 10 минглаб кишилар кўчирилди.