Матбуотда 2011 йил март ойида Японияда юз берган кучли зилзила оқибатида авария юз берган Фукусима атом станцияси атрофидаги ҳудудда изғиб юрган тўнғизлар сурати чоп этилди.

Тўнғизлар авариядан кейин аҳоли эвакуация қилиниши оқибатида кимсасиз қолган бу ҳудудларга яқин орадаги тоғлардан тушиб келган ва охирги йиллар катта миқдорда кўпайиб кетган. Улар озиқа топиш мақсадида ушбу ҳудуддан ташқарига чиқиб кетмоқдалар.

Япония ҳукумати март ойи охирида станция яқинидаги бир қатор аҳоли пунктларига аҳолининг яна қайтишига рухсат бермоқчи. Айни вақтда маҳаллий ҳокимият ҳудудни тўнғизлардан тозалаш бўйича иш олиб бормоқда, деб хабар бермоқда Mirror нашри.

Бу мақсадда махсус тайёрланган овчилар бригадаси жалб қилинган бўлиб, улар тўнғизларга қопқон қўйиш ва сўнгра уларни отиш билан шуғулланишмоқда. Бундай бригадалардан бирига ҳамроҳлик қилган фотосуратчи Тору Ханаи ёввойи жонзотларнинг бир нечта суратларини олишга муваффақ бўлди.

Охирги йил давомида овчилар 300 дан кўпроқ тўнғизни йўқ қилишган. Таъкидланишича, бу иш аҳоли уйларига қайтгандан кейин ҳам давом эттирилади.