Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 10 март куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўзининг сайловолди дастурида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Бухоро вилоятини ҳам ривожлантириш бўйича улкан режаларни баён этган эди. Президентимиз Бухоро вилоятига ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, истиқболли лойиҳалар билан танишмоқда.

Давлат раҳбари Жондор туманидаги “Жондор чинор чорва” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этиладиган паррандачилик мажмуаси лойиҳаси билан танишди.

Бухоро вилоятида паррандачиликни ривожлантириш мақсадида интенсив технологиялар кенг жорий этилмоқда. Натижада тухум ва парранда гўшти ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда. Бугунги кунда вилоятда паррандалар 3,8 миллион бошга, тухум ишлаб чиқариш 347,7 миллион донага етди.

Парҳез гўшт етиштиришни янада кўпайтириш мақсадида “Жондор чинор чорва” масъулияти чекланган жамияти Нидерландиядан наслли парранда олиб келди. Энди корхона негизида қўшимча равишда парранда гўштини қайта ишлаш цехи, 110 минг бош жўжа ўстиришга мўлжалланган мажмуа ишга туширилади. Умумий қиймати 15 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа натижасида парранда гўшти тайёрлаш 2 минг тоннага етказилиб, унинг минг тоннаси қайта ишланади. Аҳолига 18 миллион дона тухум, 1 миллион дона жўжа етказиб берилади. Жами 285 иш ўрни яратилади.

"Ўзмиллийбанк" ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва “Property Industry” масъулияти чекланган жамияти таъсисчилигида Бухоро туманида 38 гектарда агрологистика маркази барпо этилмоқда. 21,8 миллион долларлик мазкур лойиҳа доирасида бу ерда Хитой, Германия, Дания технологиялари асосида мева-сабзавотларни қуритиш, музлатиш, мураббо, жем ва тузламалар ишлаб чиқариш қувватлари, музлаткич ва сублимация ташкил этилади. Бу йилига 10 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш, дастлабки йилларда 6,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконини беради. 250 доимий иш ўрни яратилади.

Ушбу агрологистика марказида маҳаллий хомашё асосида эни 12 метрлик полиэтилен плёнкалар, агрокимёвий воситалар ва суюқ ўғитлар ҳам ишлаб чиқарилади. Шу пайтгача хориждан келтирилган бу маҳсулотлар импорт ўрнини босиш билан бирга, экспортга ҳам йўналтирилади.

Пешку туманида ташкил этиладиган чорвачилик комплекси лойиҳаси намойиш этилди.

2016 йилда Бухоро вилоятида қорамоллар бош сони 2015 йилга нисбатан 4,1 фоизга, қўй ва эчкилар 5,5, гўшт етиштириш 7,1, сут ишлаб чиқариш 9,5 фоизга ошди.

Янги чорвачилик комплекси 1000 бош қорамол ва 1 минг 500 бош қўй боқишга мўлжалланган. Умумий қиймати 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлган мазкур лойиҳа натижасида 2 минг 650 тонна сут, 200 тонна гўшт, 2,5 тонна жун ишлаб чиқариш режалаштирилган. 800 гектар майдонда озуқа етиштирилади. 100 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

Шу ерда Бухоро, Пешку, Ромитан, Олот туманларида ташкил этилаётган чорвачилик хўжаликлари лойиҳалари ҳақида ҳам маълумот берилди.