Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги 38-сонли умумтаълим мактаби маъмурияти томонидан Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги “Халқ таълим ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган Низом қоидалари писанд қилинмай, бюджет маблағлари ўзлаштирилган, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Собиқ мактаб директори Қ.Абдураҳмонов ва ундан кейин директор вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган А.Юсупов ҳамда ҳисобчи Д.Пармонов ўзаро тил бириктириб, уч нафар ўқитувчига 1 млн. 800 минг сўм, уч нафар мактаб қоровулига 880 минг сўм моддий ёрдам пуллари тўлангани ҳақида тўлов қайдномасига сохта маълумотларни киритишган. Уларнинг ўрнига қайдномага ўзлари имзо чекиб, жами 2 млн. 680 минг сўм бюджет маблағига эга чиқишган.

Ҳисобчи ва мактабнинг собиқ директори Қ.Абдураҳмонов шунингдек, ўқитувчиларнинг ишга келмаган кунларига ҳам иш ҳақи ёзиш, меҳнат таътилидаги ўқитувчиларнинг гўё ишлаганини табелларда қайд этиш, мактаб бўйича тегишли буйруқ чиқарилмасдан ўзларига ва ўқитувчиларга иш ҳақи ҳисоблаш орқали бюджетнинг 12 млн. 264 минг сўм маблағини ҳам талон-торож қилишган.

Д.Пармонов директор вазифасини бажарувчи А.Юсупов билан “келишиб”, ходимларга тўланиши лозим бўлган 332 минг сўмлик тўлов топшириқномасига қўшиб ёзган 1 млн. сўмни ўзи олиб сарфлаган. Мукофот пуллари тарқатилгани тўғрисидаги тўлов қайдномасига ўқитувчиларнинг сохта имзоларини қўйиб, яна 1 млн. 964 минг сўмни қўлга киритган.

Бундан ташқари, Д.Пармонов директор вазифасини бажарувчи А.Юсуповнинг ҳайбаракаллачилиги билан ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касб ва лавозимда ишлаётган ходимларга қўшимча иш ҳақи миқдори касб ва лавозимлар маошининг 30 фоизидан ортмаслиги ҳақидаги қонун талабига зид равишда ўқитувчи ва қоровулларга ортиқча ҳисобланган жами 2 млн. 824 минг сўм пул маблағини “эҳсон” қилиб юборган.

2015-2016 ўқув йилида бюджет маблағларининг сарфланиши бўйича ўтказилган текширишда собиқ директор Қ.Абдураҳмонов, амалдаги директор А.Юсупов ва ҳисобчи Д.Пармонов ўзаро тил бириктириб, жами 24 млн. 280 минг сўм миқдорида зарар етказишгани аён бўлди. Уларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўрилди. Судланувчилар айбларига тўлиқ иқрор бўлишди. Уларнинг айби шунингдек, ҳужжатли далиллар билан ҳам тасдиқланди. Суд судланувчиларга муайян муддатга моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.  

Ҳалоллик бобида ибрат бўлиш ўрнига, нафсини жиловлай олмай, жиноятга қўл урган мактаб собиқ директорлари мисқоллаб йиққан обрўларини елга совуришди, назардан қолишди.