Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев “бир қатор мустақил журналистлар, ОАВ ва сиёсатчилар” мамлакатда ёлғон ва туҳмат бўйича кампанияни олиб бормоқда, деган фикрда. Бу ҳақда давлат раҳбарининг расмий баёнотида айтилган, у президент сайтида эълон қилинди.

“Алоҳида ОАВ ва ҳаттоки ижтимоий тармоқлардаги бундай кампания сўнгги бир неча йилдан бери ўтказилмоқда ва ўтган йилнинг ёзидан айниқса кучайди. Ёлғон, туҳмат ва бадном қилиш бўйича кампания. Халқимиз учун муқаддас бўлган сўз эркинлиги принципларини ёлғон ва туҳмат билан алмаштириш”, - дея ёзади Атамбоев.

Шунингдек, унинг журналистларга эслатишича, уларнинг вазифаси – сохта хабарларни эмас, балки ҳаққоний маълумотни етказишдир. Атамбоев бу “кампания”нинг мақсадини республикадаги вазиятни ноябрда бўлиб ўтиши режалаштирилган сайловлардан аввал беқарорлаштириш, деб атади.

“Тегишли идоралар озодлик учун бу сохта курашувчиларга қонун барча учун баробар эканини эслатиб қўйишлари вақти келди”, - дея хулоса қилди Қирғизистон раҳбари.