Малайзия ҳукумати Ким Чен Нам жасадига нисбатан қандай чора кўриш борасида якуний хулосага келгани йўқ. У Куала-Лумпур аэропортида 13 февраль куни заҳарлаб ўлдирилганди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ҳилми Яхая журналистларга маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, "полиция 10 март куни суд-тиббий экспертизани якунлаган ва марҳумнинг жасадини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ихтиёрига юборган". Қонунчиликка кўра, "жасадни беришга доир чекловлар мавжуд эмас". Бироқ, амалда марҳум жасади унинг яқинларига берилади. "Шунга кўра, қарор қабул қилиш учун вақт керак", - деб қўшимча қилган вазир ўринбосари. 

Малайзия полицияси раҳбари Холид Абу Бакр Куала-Лумпур аэропортида ҳалок бўлган шахс КХДР раҳбари Ким Чен Иннинг ўгай акаси эканини айтган эди. Экспертизага натижасига биноан VX номли асаб фаолиятини бузувчи модда таъсири туфайли ўлим юз берган. Расмий Пхеньян Малайзияда вафот этган киши КХДРнинг Ким Чхоль исмли фуқароси эканини таъкидлашда давом этмоқда.