Германиянинг Volkswagen AG автоконцерни АҚШ судида шов-шувли "дизель можароси" бўйича одил судловга йўл қўймаслик, олдиндан тил бириктириш ва молиявий фирибгарлик каби жиноятларни содир этганлигини тан олди. Бу ҳақда АҚШ адлия вазирлиги хабар қилмоқда. 

Январь ойида Volkswagen AG Америка ҳукумати билан 2,8 миллиард доллар миқдоридаги жиноий жарима тўлаш масаласини келишиб олгани хабар қилинган эди. Мазкур келишув доирасида компания АҚШ қонунчилигида белгилаб қўйилган уч ҳолат бўйича ўзини айбдор деб тан олиши талаб этилган эди. 

Адлия вазирлигининг хабарига кўра, VW компаниясига нисбатан ҳукмни 21 апрель куни Детройт федерал суди эълон қилади. 

Компания, шунингдек, 2,8 млрд долларлик жаримадан ташқари федерал, экологик ва бошқа фуқаролик ишлари учун 1,45 миллиард доллар миқдорида жарима тўлайди. Ўзаро келишув шартларига кўра Volkswagen яна 50 миллион долларни молиявий идоралар хусусидаги FIRREA қонуни талаблари бўйича тўлайди.