Жанубий Кореяда президентлик сайловлари 9 майга қадар ўтказилади

Жаҳон 11 Март 2017 2064
Фото: РИА "Новости"

Жанубий Корея марказий сайлов комиссияси президентлик сайловлари 9 майдан кечиктирилмай ўтказилиши ҳақида маълум қилди, деб хабар бермоқда Рейтер агентлиги.

Нашр маълумотига кўра, МСК раиси сайловлар адолатли ва мустақил бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтган. Хабар қилинишича, у сиёсий қарама-қаршиликлар сайлов арафасида “босимнинг жуда ҳам кўпайиши”дан ташвишда ва аҳолини “можаро”ни енгиб ўтиб, сайловларда иштирок этишга чақирди.

Кеча Жанубий Корея Конституциявий суди президент Пак Кин Хенинг импичментини тасдиқлади. У ўтган йилнинг 9 декабрида йирик коррупция можаросидан сўнг рўй берганди. Пак Кин Хе импичменти матбуотда Цой Сун Суль исмли дугонасининг давлат ишларига аралашишига йўл қўйгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлгач, рўй берган.

Кутилишича, навбатдан ташқари сайловларда Демократик партиянинг собиқ раиси Мун Чжэ Ин ҳам президент лавозими учун кураш олиб боради, у жамоатчилик фикрига кўра, энг машҳур номзоддир. Аввалги сайловларда Ин номзоди мухолифатдан илгари сурилган ҳамда у Пак Кин Хега кичик фарқ билан имкониятни бой берганди.

Ундан кейин рейтингда Чхунчхон-Намдо вилояти губернатори Ан Хи Чжон ва Соннам шаҳри ҳокими Ли Чжэ Мён, шунингдек, “Халқ партияси”дан бўлган Ан Чхоль Су бормоқда.

Кўпроқ янгиликлар