Бухоро шаҳрида келгуси йилда Марказий Осиёдаги энг яхши спорт мажмуаларидан бири барпо этилади. Мамлакат президенти Бухоро вилоятига сафари давомида ушбу объект лойиҳаси билан танишган.

ЎзА хабарига кўра, ушбу спорт мажмуаси шаҳар марказидаги янги ном берилган Ислом Каримов кўчаси ва Ибн Сино кўчаси кесишмасида жойлашади. 2018 йилда фойдаланишга топшириладиган ушбу мажмуада 15 спорт тури бўйича мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларни ўтказиш имконияти яратилади.

Ундан учта машғулотлар зали, бассейн, теннис корти, 3 минг 500 томошабинга мўлжалланган зал ўрин олади. Мажмуа спортчиларни тайёрлаш, мураббийлар малакасини ошириш, спорт методикаси бўйича намунавий марказ бўлади.

Президент мажмуада ёзги ва қишки спорт майдонлари қуриш лозимлигини таъкидлади. Вилоятдаги спорт иншоотларини инвентаризация қилиш, уларни муайян спорт турига ихтисослаштириш, оммавийлигини ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.