Яқин 2 йил ичида Бухоро шаҳрининг марказий қисми қайта қурилади. Бу шаҳар марказидаги кўчалардан бирини мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов хотирасига қайта номлаш билан боғлиқ ҳисобланади.

Ҳозирда ушбу кўча қиёфасини ўзгартириш, унинг икки томонида замонавий бинолар барпо этиш бўйича уч йилга мўлжалланган лойиҳа ишлаб чиқилган.

Шавкат Мирзиёев ушбу кўча Ислом Каримов номига муносиб бўлиши, қурилиш ишларини салоҳиятли пудратчи ташкилотлар бажариши зарурлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Бухоро шаҳрининг Ғиждувон, Баҳовуддин Нақшбанд, Ибн Сино, Навоий кўчаларида 57 та кўп қаватли уй қурилади.

«2017—2021 йилларда барпо этиладиган 5, 6, 7 қаватдан иборат бу турар-жойлар аҳолини арзон ва замонавий уйлар билан таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади», — дейилган хабарда.

Шунингдек, Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида анъанавий ҳунармандлик устахоналарини жамлаган икки қаватли уйлардан иборат ҳунармандлар мавзеси қурилади.

Президент ҳунармандлик бозорини тартибга келтиришни, миллий анъаналар акс этган, замонавий расталар қуришни таклиф қилган.