Британиянинг Brexit масалалари бўйича вазири Дэвид Дэвис BBC эфирида Буюк Британия Европа Иттифоқини 2019 йилнинг март ойида тарк этиши ҳақида маълум қилди. 

"Бу воқеа 2019 йилнинг мартида рўй беради", - деди у бошловчининг "Буюк Британия ЕИни қачон тарк этади?" деган саволига. 

"Ўтган йилнинг июнь ойида Британия халқи томонидан референдумда ЕИдан чиқишга доир қарор қабул қилинди ва бу воқеа рўй бериши керак", - дея таъкидлади Дэвис. У Британия парламенти вето қўйиш ҳуқуқига эга эмаслиги ва ҳукумат Brexit'ни имкон қадар тезроқ амалга ошириши кераклигини айтди. 

Британия вазири ҳукуматнинг музокаралар олиб бориш давомида "кутилмаган ҳолатлар бўйича режаси" йўқ экани ҳақидаги таъкидларни рад этди. Шунингдек у парламентни душанба куни Brexit ҳақидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашга чақирди. "Биз буни амалга оширмоқчимиз. Илтимос, бу жараёнда бош вазирнинг қўлини боғлаб қўйманг", - қўшимча қилди у. 

Лондон ва Брюссель ўртасидаги музокаралар Британия парламенти Бирлашган Қироллик бош вазири Тереза Мэйга шундай ваколатни берганидан сўнггина расман бошланиши керак. Британия ОАВнинг сўнгги хабарларига кўра, Brexit жараёнини йўлга қўйишга доир қонун лойиҳаси душанба куни икки палата томонидан ҳам тасдиқланиш имконига эга. Шундай бўлган тақдирда, 14-март куни бош вазир Брюсселга ЕИга доир Лиссабон келишувининг 50-моддасининг қўллана бошланишига оид хабарни йўллагани тўғрисида эълон қилиши мумкин. 

Буюк Британиянинг ЕИга аъзолик масаласига бағишланган референдум ўтган йилнинг 23-июнида бўлиб ўтди. Унда 51,9 фоиз натижа билан евроинтеграцияга қарши томон ғалаба қозонди.