Франция ҳукумати Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу иштирокида намойиш ўтказилишига рухсат бергани танқид остига олинди. Учрашув Мец шаҳрида ўтган ва мингга яқин кишини тўплаган, деб хабар бермоқда AFP.

Човушўғлу турк телеканаллари орқали намойиш қилинган нутқида унга намойиш ўтказишга рухсат бермаган Нидерландия номига танқидий фикрлар билдирган. Жумладан, у Нидерландияни "фашизм пойтахти" деб атаган.

Франция ҳукумати мамлакат ҳудудида Човушўғлу иштирокидаги намойишни ўтказишга рухсат бергани француз мухолифати томондан кўплаб танқидларга учради. "Бу вазиятда Туркиянинг талабларини англаб олиш учун умумий позицияга мос иш тутиш керак эди. Франция ҳукумати бу намойишнинг ўтишига халақит бериши керак эди. Франсуа Олланд Европа бирдамлиги тамойилини қўпол бузди", деб айтди "Республикачилар" партияси вакили Франсуа Фийон.

Човушўғлу Нидерландия ва Туркия ўртасида вужудга келган сиёсий можарога сабаб бўлди: Нидерландия ҳукумати Човушўғлу самолётига мамлакатда қўнишга рухсат бермаган.