Эфиопия пойтахти Аддис-Абебанинг чекка ҳудудида улкан чиқинди уюми тўкилиши натижасида 15 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақида AP агентлиги хабар берди. 

Улкан "чиқинди тоғи" бир неча бетон иншоот ва кулбаларни қоплаб олган вақтда воқеа жойида тахминан 150 нафар киши бўлган. Қутқарувчилар 37 кишининг ҳаётини сақлаб қолишган, бир неча ўнлаб кишилар ҳали ҳам чиқинди уюми остида. 

Бу ерга чиқинди ташланаётганига 50 йилдан ошди. Сўнгги йилларда чиқиндиларни бошқа ерларга таший бошлашган эди, бироқ яқинда ўша туманда истиқомат қилувчи фермерлар янги чиқиндихона ташкил қилиш ҳақидаги қарорга эътироз билдиришди. Шу боис чиқиндиларни яна шаҳар четига ташиш бошланди, ҳалокатга ҳам ана шу тушунмовчилик сабаб бўлганлиги қайд этилди.