Нидерландия ҳукумати мамлакатга ер усти транспорти орқали Германиядан келиб, Роттердамдаги Туркия бош консулхонасига кирмоқчи бўлган Туркиянинг оила ва ижтимоий сиёсат масалалари бўйича вазири Фатма Бетул Саян Каяни мамлакатдан чиқариб юборгач Германияга ўтган вазир, Кёльндан Истанбулга учиб, ватанига қайтиб келди.

Вазир Германиядаги бир қатор маросимларда иштирок этган Туркия ёшлар ва спорт вазири Акиф Чағатой Килиджунинг самолётида қайтган.

Фатма Бетул Саян Каяга Кёльндаги Туркия бош консули Ҳусайн Эмре Энгин ҳамроҳлик қилган.

11 март куни Нидерландия ҳукумати хавфсизлик юзасидан Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли раҳбарлигидаги Туркия делегацияси самолётига қўнишга рухсат бермагач, Фатма Бетул Саян Кая Германиядан машина орқали Нидерландияга йўл олган эди. Човушўғли ва делегациянинг бошқа аъзолари Туркиядаги конституция референдумига бағишланган митингда нутқ сўзлашни режалаштирганди.

Нидерландия полицияси аввалига туркиялик вазирнинг қўриқчиларини қўлга олди. Кейин эса уни полиция ҳамроҳлигида Германия чегарасига кузатиб қўйишди.

Вазир дунё ҳамжамиятини Нидерландия ҳукумати хатти-ҳаракатларига реакция кўрсатишга чақирди ва уларни «фашистларга хос» деб атади ҳамда аёл вазирга нисбатан бундай муносабат номақбул эканлигини айтди.

Бу орада Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг юзлаб тарафдорлари Роттердамдаги Туркия элчихонаси яқинида акция ўтказди. Намойишчиларни тарқатиш учун маҳаллий ҳукумат отлиқ полиция ва сув автоматларини қўллади.

Туркия ТИВ Нидерландиянинг Анқарадаги элчисидан мамлакатга қайтиб келмасликни сўради. Элчи айни вақтда таътилда бўлиб турибди.