2017 йилнинг 19-февралида даҳшатли фожиа рўй берди. Бир неча йил илгари Нигериядан Россияга келган аёл ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилди: у ўғлининг йўқолгани ҳақида маълум қилди. "Дни.Ру" шу ҳақида хабар берди. 

Аёлнинг сўзларига кўра, унинг ўғлини охирги марта кўрган инсон 32 ёшли энага бўлган. Бироқ у болани онасининг дугоналаридан бирига берганини таъкидлаган. 

Ҳуқуқ ҳимоячилари бу маълумотни текширишга муваффақ бўлишди. Улар видеокузатув камераларидаги барча ёзувларни тўплаб, бола энаганинг уйидан ташқарига чиқмаганини аниқлашди. 

"Барча видеороликларни бир суткадан ортиқ кўздан кечирдик. Энага болани топширганини айтган тахминий жойгача бўлган видеони ҳам топдик. Бироқ кадрлар унинг сўзларини тасдиқламади", - деди Тергов қўмитаси ходими Константин Баранов. 

Шунда терговчилар болани Краснодарда яшовчи энаганинг уйидан излаб кўришга қарор қилишди. Бола энаганинг гаражидаги чуқурчадан топилди. 

"Қазишни бошладим, у ерда эса - қора полиэтилен пакет, ичида - даҳшатли топилма", - дейди Тергов қўмитаси ходими Арамис Казарян. 

Энага амалга оширган мудҳиш қилмишига иқрор бўлишига тўғри келди. У болани ўлик ҳолда топгани, уни ҳушига келтирмоқчи бўлгани, аммо қўрқиб кетганидан унинг танасини кўмиб қўйишга қарор қилганини айтди. Тахминий қотил бир ҳафта давомида боланинг ҳаётдан кўз юмганини  онадан яширган.

Кейинроқ жиноятчи ўз кўрсатмаларидан бош тортди. Терговчилар боланинг ўлдирилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияни ҳам инкор қилишмаяпти: унинг танасида бўғишнинг изига ўхшаш белгилар аниқланган. Ҳозирда жиноий иш бўйича тергов давом этмоқда.