Буюк Британия Европа Иттифоқи таркибидан чиққандан кейин Европа инвестицион банкида сақланаётган 9 млрд фунт стерлинг (11 млрд доллар) қайтарилишини талаб қилади. Бу ҳақда эксперт-ҳуқуқий хулосага иқтибос келтирган ҳолда The Sunday Times нашри хабар бермоқда. Бу хулоса Лондон ва Брюссель ўртасида Brexit шартлари бўйича музокаралар бошланишидан олдин тайёрланган.

Буюк Британиянинг етакчи Консерватив партияси адвокати Мартин Хоув томонидан тайёрланган ҳужжатда "Британия ҳукумати Брюсселга нимадир тўлаш учун ҳуқуқий мажбуриятларга нафақат эга эмаслиги, балки Европа Иттифоқи Буюк Британияга унинг Европа инвестицион банкидаги улушини қайтариши лозимлиги" таъкидлаб ўтилган. Британиялик ҳуқуқшуносларнинг ҳисоб-китобларига кўра, гап 9-10 млрд фунт стерлинг ҳақида кетмоқда. 

Аввалроқ ОАВ европалик музокарачиларга иқтибос келтирган ҳолда Европа Иттифоқи, аввал олинган мажбуриятларга кўра, Лондондан 60 млрд евро тўлаб беришини талаб қилмоқчилигини маълум қилганди. Кейинроқ британ нашрлари Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй "Brexit учун кўп миллиардлик бу тўловни" амалга оширмоқчи эмаслигини маълум қилгандилар.

Лондон ва Брюссель ўртасидаги музокаралар Британия парламенти Мэйга тегишли ваколатни бергандан кейин расман бошланиши керак.