Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли 12 март кунига белгиланган Швейцария сафарини номаълум муддатга қолдирди. Бу ҳақда Швейцария телеграф агентлиги (ATS) Европа турк демократлари иттифоқининг Швейцариядаги бўлими раҳбари ўринбосари Мунир Саруканга асосланган ҳолда хабар берган.

Қайд этилишича, Сарукан бундан олдинроқ SonntagsZeitung нашрининг шу ҳақда тарқатган хабарини тасдиқлаган. Лекин у ҳам ушбу ташрифнинг кечиктирилиши сабабига аниқлик кирита олмаган.

Цюрих кантони ҳам бу маълумотни матбуот учун тасдиқлади. Кантон полицияси шефи Марио Фернинг маълум қилишича, бу қарор унинг "елкасидан тоғ" ағдарган. У ушбу ташриф туфайли Туркия ҳукуматидан норози кишилар томонидан тартибсизликлар келиб чиқишидан хавотирланаётганди.

Ушбу ташриф арафасида катта мунозаралар келиб чиққанди.

Бундан олдинроқ туркиялик вазир Нидерландия ва Туркия ўртасидаги чиққан сиёсий можаро марказида қолганди. Нидерландия ҳукумати Туркия ташқи ишлар вазири самолётининг қўнишига рухсат бермасликка қарор қилди. Човушўғли мамлакатда яшовчи турклар олдида Туркиядаги конституциявий ислоҳотга бағишланган нутқ сўзлашни режалаштирганди. Аммо Нидерландия ҳукумати бу тартибсизликларга сабаб бўлиши мумкин деб ҳисоблаганди.