"Тафсилот.уз" сайти "Жамият" газетасида чоп этилган "Нотариал идорадаги найранглар" номли мақолани эълон қилди. Мақолада бугунги кунда давлат нотариал идораларида илдиз отган долзарб муаммолар қаламга олинади.

Нотариал идора — одамларнинг иши энг кўп тушадиган муассасалардан бири. Бу ерда битимлар тасдиқланади, ҳужжатлардаги имзоларнинг ҳақиқийлиги, ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилиги шаҳодатланади, мерос ҳуқуқи расмийлаштирилади, мол-мулкни ўзга шахсга ўтказиш тақиқлаб қўйилади ёки ана шундай тақиқ бекор қилинади ҳамда қонунларда назарда тутилган бошқа нотариал ҳаракатлар амалга оширилади.

«Нотариат тўғрисида»ги қонуннинг 1-моддасида Ўзбекистон Республикасида нотариат қонунларда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳаракатларни нотариуслар томонидан амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга даъват этилган ҳуқуқий институт ҳисобланиши, нотариал ҳаракатлар эса давлат нотариал идораларининг нотариуслари томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Бундан англашиладики, мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларга малакали юридик хизмат ва ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий муносабатларни ишончли ва тинч йўл билан ҳал этиш орқали ҳуқуқий низоларнинг олдини олиш нотариал идораларнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Аммо, афсуски, амалиётда ҳамма нарса қоғозда ёзилгани каби силлиқ ва чиройли бўлавермас экан. Қуйида хат-ҳужжатларнинг қонунга мувофиқ бўлиши учун масъул бўлган нотариал идоралардаги қонунбузарликлар, хизмат ваколатини суистеъмол қилиб оддий одамларни чув тушираётган нотариусларнинг хилма-хил найранглари ҳақида сўз юритамиз.

Ижара шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши шарт!

Расман «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби» деб юритиладиган, оддий халқ «вақтинчалик прописка» деб атайдиган ҳужжат республикамизнинг бошқа ҳудудидан келиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишлаётган ёки ўқиётган юртдошларимиз учун катта аҳамиятга эга ҳужжатлардан биридир. Амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабига кўра фуқаролар пойтахт шаҳри ва вилоятида ҳисобга туриш учун келган кунидан бошлаб беш кун муддатда ўзи вақтинча турган жойдаги милиция таянч пунктига белгиланган тартибда мурожаат этиши керак. Бу талабнинг бажарилмаслиги маъмурий жавобгарликка тортилиш учун асос бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг «Паспорт тизими қоидаларини бузиш» деб номланувчи 223-моддасида белгиланишича, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши — энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда;  паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахсларнинг вақтинча ёки доимий пропискасиз, турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшашига йўл қўйиши, худди шунингдек фуқароларнинг ўз турар жойларида паспортсиз, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган шахслар яшаб туришига йўл қўйиши — энг кам иш ҳақининг уч бараваридан ўн бараваригача миқдорда; вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилиш — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бунинг мавзуга қандай алоқаси бор дейсизми?! Алоқаси бор. Гап шундаки, фуқарони Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхатида ижара шартномаси ёхуд тураржойдан текинга фойдаланиш шартномаси ҳам бўлиб, қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ мазкур шартномалар нотариал тасдиқланган бўлиши лозим. Агар фуқаро ўзига тегишли ҳовли ёки хонадон (квартира)ни бегона шахсларга келишилган ҳақ эвазига вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш учун топшираётган бўлса, ижара шартномаси, башарти ўз мулкини яқин қариндошларига маълум муддатга текин фойдаланишга бераётган бўлса, тураржойдан текинга фойдаланиш шартномаси тузилади. Мазкур ҳужжатлар ижарага берувчи ва олувчи ўртасида нотариал идорада расмийлаштирилади.

Тушунганингиздек, республикамизнинг бошқа ҳудудларидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига келиб ишлаётган, фуқаролик бурчига риоя этган ҳолда турган жойи бўйича вақтинча рўйхатдан ўтишни мақсад қилган одам борки, нотариал идоранинг эшигини қоқиб боришга мажбур. Бироқ улар бош уриб бораётган айрим нотариуслар юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда қонунийликни таъминлаш ўрнига давлат ишониб  топширган ваколатларини даромад манбаига айлантириб олишган. Буни ўзим дуч келган ва суриштиришларим давомида аниқлаган мисоллар орқали очиб беришга ҳаракат қиламан.

Ижара шартномаси учун қанча давлат божи тўлаш керак?

2016 йилнинг охирларида Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 11-сонли давлат нотариал идорасига тураржойдан текинга фойдаланиш шартномасини тузиш учун бордим. Навбатим келгач, нотариусга керакли ҳужжатларни тақдим этдим. У ҳужжатларни қараб чиққач, тушликдан сўнг келишимни айтди. Айтилган вақтда етиб бордим. Нотариус тушликдан қарийб бир соатга кечикиб қайтди. Бу ёқда эса тумонат одам…

Уй эгаси, рафиқаси билан биргаликда нотариуснинг хонасига кирдик. У ҳаммамизнинг паспортларимизни кўздан кечиргач, барча ҳужжатларни ёрдамчисига узатиб, шартномани расмийлаштириш ҳақида кўрсатма берди. У кўз ўнгимизда ҳужжатнинг компьютердаги шаблонига ўзгартириш киритиб, танишиб чиқишимизни сўради. Хатоларини тузатиб берганимдан сўнг тўрт нусхада принтердан чиқариб, имзолаш учун берди.

Шундан сўнг нотариус туман ИИБга бориши кераклигини айтиб чиқиб кетди. Қизиғи шундан кейин бошланди.

— Кассага 160 минг тўлаб чиқинг! — деди нотариус ёрдамчиси.
— Нима учун 160 минг?
— Давлат томонидан белгиланган нарх шундай!
— Қизиқ! Ишхонамизда икки нафар ходим ҳам худди шундай шартномани расмийлаштириб, бунинг учун энг кам иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида давлат божи тўлашганини айтганди. Нима улар бошқа давлатда яшашадими? Ёки Ўзбекистонда ҳар бир туманда бошқа-бошқа қонунлар амал қиладими?
— ?
— Нотариус қачон келади? Телефон қилиб менинг сўзларимни етказинг-чи, нима деркин?!
— … Майли, Сиз юз минг тўлай қолинг!
— Қайси ҳужжатга асосланиб белгилаяпсиз бу нархни?
— ?
— Асосни кўрсатинг менга?
— Яхшиси, нотариус келишини кута қолинг!

Ғазабимни ичимга ютиб нотариусни кута бошладим. Аммо ҳадеганда ундан дарак бўлмади. Бир соатдан кўпроқ кутгач, зое кетаётган вақтимга ачиндим. Кел, пул кетса кета қолсин, шулар билан ҳақ талашиб асабимни эговламай дея кассага бориб нотариал идорадаги банк жамғарма кассасига бориб, пластигимни узатдим ва кассирдан ҳисобимдан 80 минг сўм ечиб олишини сўрадим.

«Нима учун?», деган савол бўлди. Бу пулни нима учун тўлаётганимни айтдим. Кассир ўтирган жойида нариги хонадаги нотариус ёрдамчисидан: «Бу киши текин фойдаланиш шартномаси учун 80 минг тўламоқчи, нима қилай?», — деб сўради. «Олиб қолавер!», деган жавоб бўлди. «Квитанцияга нима деб ёзай, пуллари нақд эмас, пластикда экан?!»

Шундан сўнг нотариус ёрдамчиси хонасига чақириб, иккита квитанцияни тўлдириб, кассага шу пул (қарийб 30 минг)ни тўлашим ҳамда шартномани Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг Олмазор тумани бўлимидан рўйхатдан ўтказиш харажатлари учун 15 минг сўм нақд пул тўлашим кераклигини айтди.

160 мингдан бошланган тўлов ҳақимни талаб қилганимдан сўнг 45 минг сўмгача камайди. Аммо буни ҳам қонуний деб бўлмайди. Аслида ушбу ҳужжатни нотариал тасдиқлаб беришгани учун Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларига мувофиқ энг кам иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида давлат божи тўлашим керак эди холос. Айни пайтда бу 29955 сўмни ташкил этади. Кадастр хизмати учун нақд кўринишда талаб қилинган 15 минг сўм эса нотариус ёрдамчисининг виждонига ҳавола.

Ажабланарли жиҳати шундаки, шартномада эса мазкур нотариал ҳаракат учун 14977,5 сўм миқдорида давлат божи, техник тусдаги хизмат учун 7488,75 сўм миқдорида хизмат ҳақи, жами 22466,25 сўм ундирилгани қайд этилган.

Ҳамманинг ўз улуши бор!..

Нотариусни кутиб ўтирганимда янада ажабтовур ишларнинг гувоҳи бўлдим. Мендан кейин келиб, ижара ва текин фойдаланиш шартномасини расмийлаштирганлардан 150-160 минг сўмдан ундирилди. Бундан бошқа турдаги нотариал ҳаракатлар учун ҳам белгиланганидан ортиқ пул ундирилганини тахмин қилиш мумкин. Бунинг тагига етиш йўли жуда осон. Ваколатли идоралар мен текин фойдаланиш шартномасини тузган куни ёки яқин кунларда ушбу нотариал идора хизматларидан фойдаланганлар билан боғланиб, кўрсатилган нотариал ҳаракатлар учун қанча пул олишганини сўраб-суриштиришса бўлгани. Ўғри киму, тўғри кимлиги маълум бўлади-қолади.

Эътиборимни тортган жиҳатлардан яна бири тўловларнинг нақд пулда талаб қилинаётганидир. Бунинг сабабини ҳам тез орада билиб олдим. Нотариусни кутиб ўтирганимда нотарус ёрдамчиси, икки нафар стажёр ва банк жамғарма кассаси кассири қабулхонада ўтирганларни ҳам юз-хотир қилиб ўтирмай «тушум» (давлат божидан ортиқча ундирилган пуллар)ни талашиб кетишди. Маълум бўлишича, ортиқча ундирилган пулда нотариус, унинг ёрдамчиси, стажёрлар ва кассирнинг белгиланган улушлари бўлиб, айни пайтда бир кунлик «ҳосил»ни тақсимлаш учун келишолмай туришган экан.

Эсингизда бўлса, юқорида нотариус ёрдамчиси шартнома учун 80 минг сўм тўламоқчи бўлганимда, кассирга олиб қолавер деган, у эса пластикдан тўлаётганим учун мендан тўловни қабул қилмаган эди. Гап шундаки, тўлов терминали орқали пластикдан ечиб олинган пул банкка яхлит тушгани боис уни майдалаб бўлмас, давлат божи квитанцияда аниқ кўрсатилиши ҳамда унга тўлов чеки илова қилиниши керак экан. Нақд пул қабул қилинганда эса ортиқча маблағни яширишнинг бир қанча йўллари бор экан. Нотариуслар одамлардан нима учун имкон қадар нақд пул талаб қилишларининг сабабини тушундингиз деб ўйлайман.

Хулоса ўрнида…

Мавзу юзасидан жамоатчилик фикрини ҳам ўрганиб кўрдим. Бунинг учун юртдошларимиз фаол бўлган ижтимоий тармоқларда нотариал идорадаги қандай қонунбузарлик ва қинғирликларга дуч келишгани, шунингдек, ижара, текин фойдаланиш шартномаларини расмийлаштирганлик ва бошқа турдаги нотариал ҳаракатлар учун нотариусларга қанча пул тўлашганини суриштириб кўрдим. Фуқаролар манфаатини ҳимоя қиладиган идора томонидан таланганлар оз эмас экан. Бу ҳақда мавриди келса ҳали яна қайтамиз.