Instagram сервисининг 1,5 млн.дан ортиқ аъзоси фойдаланувчининг шахсий маълумотларини ўғирлайдиган фирибгарлари қурбони бўлиши мумкин. Бу ҳақда ESET антивирус компанияси маълум қилди. 

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, фирибгарлар Google Play дўконига Instagram'даги ўқувчилар сонини кўпайтириш учун хизмат қиладиган иловани юклашди. Бу илова фойдаланувчидан саҳифага кириш учун логин ва паролни киритишни сўрайди, сўнгра кириш вақтида хатолик юз бергани ҳақида хабар беради. Тўпланган маълумотлар фирибгарларнинг серверига юборилади. 

Бузиб кирилган саҳифалардан спам-хабарлар юбориш, "Like"лар сонини ошириш ва изоҳлар ёзиш учун фойдаланилган. 

ESET мурожаатидан сўнг Google Play ушбу иловаларни ўчириб юборди. Бироқ уни 1,5 млн.дан ортиқ фойдаланувчи кўчириб олишга улгурган. Компания иловани кўчириб олганларга паролни ўзгартиришни тавсия қилди.