2017 йил 13 март куни Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишида жамоат ташкилотларининг ўрни” мавзусида матбуот анжумани ўтказди.

Федерация раиси ўринбосари Нодирбек Юсуповнинг қайд этишича, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йилида аҳоли билан тўғридан-тўғри, очиқ мулоқотни ташкил этиш мақсадида ҳар ойнинг иккинчи ўн кунлиги марказий ижро этувчи аппарат раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари, туман (шаҳар) жамиятлари ижро этувчи аппаратлари раисларининг аҳоли (фуқаролар) билан мулоқот кунлари этиб белгиланди.

“Шу билан бир қаторда Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари, туман (шаҳар) жамиятлари ижро этувчи аппаратлари (ҳуқуқий ҳимоя бўлими, секторлар ва жамиятлар) негизида  “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналари ташкил этилди”, – дея таъкидлади Н.Юсупов.

Жорий йилнинг ўтган даврида Федерация ва унинг ҳудудий тузилмалари республикамизнинг энг чекка ҳудудларида, корхона, ташкилот, муассаса ва маҳаллаларда аҳоли (фуқаролар) билан 278та мулоқот ташкил этди. Мазкур мулоқотларда газ таъминоти, ичимлик  суви, электр энергияси, иссиқлик манбаи, савдо-сотиқ, соғлиқни сақлаш ва жамоат транспорти соҳалари бўйича камчилик ва муаммолар юзасидан  аҳолидан тушаётган мурожаатларга ижобий ечим топишга эришилмоқда, мутахассислар уларни қизиқтираётган саволларига жавоб бермоқда.

Шунингдек, Федерациянинг www.istemol.uz  веб-сайти орқали ариза, таклиф ва шикоятларни электрон (онлайн) тарзда қабул қилиш йўлга қўйилди. Жорий йил бошидан бери ушбу виртуал қабулхонага истеъмолчилардан 65та мурожаат келиб тушиб, улар ўз вақтида ечимини топди. Бундан ташқари, Федерация тизимида фуқароларнинг мурожаатлари ягона 1091 ишонч телефони орқали ҳам қабул қилинмоқда.

Қайд этилишича, 2016 йилда Федерация, унинг ҳудудий тузилмалари ва туман (шаҳар) жамиятларига истеъмолчилардан жами 9 908та (6 407та – 64,7 фоиз) ёзма, 3 501та – 35,3 фоиз) оғзаки, ишонч телефони ва электрон (онлайн) ариза (таклиф ва шикоят) келиб тушди.

Алоҳида қайд этиш лозимки, мазкур ариза ва шикоятларнинг 9 222таси,  яъни, 93,1 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида, истеъмолчилар фойдасига жами 3 860 414,8 минг сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.
 
Матбуот анжуманида Федерация фаолиятига оид бошқа кўплаб мавзуларда ҳам савол-жавоблар бўлди. 

Маълумот учун, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 2002 йилда ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотидир. Бугунги кунда унинг тизимида 14та ҳудудий бирлашма, 193та туман (шаҳар) жамияти мавжуд бўлиб, маҳалла, корхона, ташкилотлар ва муассасаларда 6000дан ошиқ таянч гуруҳи ташкил этилган ва уларга 500 мингдан ошиқ киши аъзо.