Сурхондарёда ЎзМТДП вилоят кенгаши томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси муҳокамасига бағишлаб давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда ЎзМТДП Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот хизмати хабар берган.

ЎзМТДП Сурхондарё вилоят кенгаши аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларидаги партия гуруҳлари, туман кенгашлари раис ва етакчи мутахассислари, бошланғич партия ташкилотлари етакчилари иштирок этган давра суҳбатини ЎзМТДП вилоят кенгаши девони раҳбари Сайдулла Абдураимов очиб берди.

"Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан бошлаб берилган ислоҳатларларнинг узвий давоми сифатида, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини янада юксалтириш ва жамият ривожини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришда хизмат қилади", – деди С.Абдураимов. 

Тадбирда мутахассислар томонидан давлат ва жамият қурилиши тизимини янада такомиллаштириш, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириш ва либераллаштириш, хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ўзаро манфаатли, тенг ҳуқуқли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишларнинг стратегик аҳамияти тўғрисида кенг маълумотлар берилди. Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишда давлат органларининг аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри ва эркин мулоқотини кучайтириш, халқимизнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, жамиятда қонунийлик ва адолатни таъминлаш, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ва миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигини юксалтириш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, тадбир давомида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да  белгиланган вазифаларни амалга оширда сиёсий партия ва депутатларнинг ҳам зиммасига улкан масъулият юклатилиши ҳақида тўхталиб ўтилди.

Айниқса, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги, самарали усул ва механизмларини жорий этиш, улар билан юзма-юз учрашувлар ҳамда ҳар бир аҳоли қатламига кириб бориб, уларда мавжуд бўлган муаммоларни ўрганиш, ҳақида ҳам фикр билдирилди. 

Тадбир иштирокчилари Ҳаракатлар стратегиясининг мамлакат ҳаётидаги муҳим аҳамияти, унинг ижросини таъминлашдаги дастурий вазифалардан тўлиқ хабардор бўлдилар.

"Маълумки, Ҳаракатлар стратегияси ижтимоий-иқтисодий, маънавий-сиёсий ҳаётимиздаги барча соҳа ва тармоқлар борасида амалга ошириш лозим бўлган устувор вазифаларни қамраб олган. Ана шу муҳим ҳужжат ижросини босқичма-босқич амалга ошириш ва унда сиёсий партияларнинг ўрнини кучайтиришга бағишланган давра суҳбати ҳам қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди. Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи босқичи – давлат ва жамият қурилишини такомиллашитиришга бағишланган. Кўриниб турибдики, ушбу йўналишда сиёсий партияларнинг фаолиятини кучайтириш, уларнинг ҳар бир соҳага кириб бориши, Халқ билан мулоқот жараёнида депутатларнинг ролини янада ошириш ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. 

Давра суҳбати давомида биз депутатлар билан ҳамкорликни янада кучайтириб, туманлардаги таълим муассасалари фаолиятини  ўрганиш, кадрлар салоҳиятини оширишга  қаратилган тадбирлар кўламини кенгайтиришни белгилаб олдик", деган  БПТ етакчиси Сайёра Тўраева.