Кўпроқ Карлос ва Шоқол лақаблари билан танилган халқаро террорчи Ильич Рамирес Санчес 13 март, душанба куни Францияда суд олдида жавоб беради - бу сафар 1974 йилда амалга оширилган Париждаги Drugstore Publicis савдо галереясидаги терактга доир иш бўйича. РИА "Новости" шу ҳақида хабар берди. 

Венесуэлалик террорчининг иши уч ҳафта давомида профессионал судьялардан иборат махсус суд ҳайъати томонидан кўриб чиқилади. Улар 17 нафар гувоҳ ва 2 эксперт кўрсатмасини тинглашади. Бу Карлоснинг Франциядаги энг сўнгги суди бўлиши кутилмоқда. 

1974 йилнинг сентябрида Франция пойтахтидаги Ренн кўчасида жойлашган Drugstore Publicis'да рўй берган портлаш натижасида икки киши ҳалок бўлган, 34 нафари жароҳат олган. 1979 йилда Al Watan Al-Arabi нашрида Карлос гранатани портлатганига иқрор бўлган интервью пайдо бўлган. Бироқ тергов давомида террорчи бундай интервью бермагани ва ўзини айбдор деб ҳисобламаслигини айтди. 

Карлос 1994 йилда Хартум (Судан)да қўлга олинган ва Францияга экстрадиция қилинган. 1997 йилда Франция суди уни 1975 йилда Парижда уч киши, шу жумладан икки нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходимининг қотиллигида айблаб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Кейинроқ террорчига 1980-йиллар бошида амалга оширган тўрт теракт учун яна бир умрбод қамоқ жазоси берилди, ушбу терактлар натижасида 11 киши ҳалок бўлган, 150 нафарга яқин киши жароҳат олган.