Калифорния йўллари бўйлаб ҳайдовчисиз машиналарга юришга рухсат берилди

Технология 13 Март 2017 2272
Фото:motor.ru

АҚШнинг Калифорния штати раҳбарияти умумий фойдаланиш йўлларида автоном ҳайдаш тизимларига эга автомобилларни синашга тааллуқли талабларни ўзгартирди. Bloomberg ахборот агентлигининг маълум қилишича, эндиликда бундай машиналарни синашда машинада ҳайдовчининг бўлиши шарт эмас. Аввал ҳайдовчи ўриндиғида ҳайдовчининг мажбурий тарзда ўтириши кераклиги у фавқулодда вазиятда бошқарувни ўз назоратига олиши билан тушунтирилганди.

Бундан ташқари, транспорт воситаларини рўйхатга олиш маҳаллий департаментининг айтишича, энди оддий йўлларга чиқувчи бундай машиналарда рул ва тепкилар бўлиши шартмас. Бироқ қандайдир компания бундай машинани синамоқчи бўлса, у аввал АҚШ йўл ҳаракати миллий маъмуриятининг рухсати ва лицензиясини олиши керак бўлади.

Рул ва тепкисиз автомобилларнинг биринчиларидан бири Google’да яратилган. 2014 йилда бундай машинанинг илк прототипи, ўтган йилнинг ўрталарига келиб АҚШ йўлларида улардан 34 таси синалган. Бундан ташқари, компания Lexus RX 450h негизида қурилган яна 24 та автоном кроссоверни синовдан ўтказмоқда.

Аввалроқ автоном машиналарни ҳайдовчисиз синашга рухсат берувчи қонун Мичиган штатида қабул қилинганди.

Кўпроқ янгиликлар